Грета Тунберг Исроилдан депортация қилинди

Олам

image

Швециялик экофаол Грета Тунберг бугун, 6 октябрь куни турли миллатга мансуб 70 дан ортиқ ҳибсга олинганлар билан Исроилдан депортация қилинди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.

Улар Ғазога йўл олган “Global Sumud Flotilla” гуманитар ёрдам бортида ҳибсга олинган эди.

Ҳибсдан озод қилинганлар Греция ва Словакияга жўнатилади ва у ердан уйларига учиб кетиши мумкин. Қолганлар эса маҳаллий қамоқхонада сақланмоқда, уларнинг адвокатлари шароитлар ностандарт эканини айтмоқда. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги айбловларни рад этади ва флотилиянинг ўзини ҲАМАСга бевосита ёрдам бермоқда, деб ҳисоблайди.

Исроилни тарк этганлар орасида 28 нафар Франция фуқароси, 27 нафар Греция, 15 нафар италиялик ва тўққиз нафар Швеция фуқароси бор. Уларнинг барчаси БМТ маълумотларига кўра, очарчилик бошланган Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган фаоллар ва сиёсатчиларни олиб кетаётган 42 та “Global Sumud” флотида бўлган. Исроил геноцид айбловларини рад этади.

Депортация қилинганлар 19 давлат, жумладан Испания, Италия, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ фуқаролари. Исроил Ташқи ишлар вазирлигига кўра, уларнинг барча қонуний ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинади. Шунингдек, улар депортация қилинганлар томонидан тарқатилган ёлғон хабарлар олдиндан режалаштирилган сохта янгиликлар кампаниясининг бир қисми эканини таъкидлаган.

Журналист Карлос де Барроннинг айтишича, Исроил қамоқхонасидаги уч кунлик ҳибсда ушланганлар ҳақорат, руҳий зўравонлик, тажовуз ва қўрқитишга учраган. Унинг сўзларига кўра, исроиллик қўриқчилар уларга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиб, “Сизга ўхшаган одамлар учун ҳайвонлар шифокори йўқ” деб айтган.

Олдинроқ Тунберг Ғазога ёрдам флотилияси аъзолари билан бирга ҳибсга олингандан сўнг Исроил қамоқхонасининг шафқатсиз муносабатидан шикоят қилганди. 

Тунбергнинг ёнига борган дипломатларнинг сўзларига кўра, у “ҳашаротлар тўла бўлган камерада ўтиргани, жуда оз сув ва овқат олгани ҳамда ҳолдан тойганини” айтган.

Бошқа флотилия аъзоларининг таъкидлашича, ҳарбийлар Гретани байроқларни ушлаб туришга мажбурлаган ҳолда суратга олган ва унга қарши куч ишлатган.

“Улар Гретанинг сочидан тортиб, калтаклашди ва Исроил байроғини ўпишга мажбур қилишди”, деган туркиялик фаол Эрсин Челик “Анадолу” агентлигига.

Халқаро “Global Sumud” флотилияси

Халқаро “Global Sumud” флотилияси ўнлаб кемалардан иборат бўлиб, бир неча кундирки Ғазо томон ҳаракат қилмоқда. Унинг бортида катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами, жумладан дори-дармонлар ҳам бор. Бу флотилия – ҳозиргача Фаластин эксклавига йўл олганлар ичидаги энг йириги ҳисобланади.

“Sumud” сўзи араб тилидан “матонат”, “соқовлик” ёки “мустахкам ирода” деб таржима қилинади. 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин бу атама фаластинликлар учун босим остидаги қаршилик ва омон қолиш стратегиясини ифода этувчи асосий тушунчага айланган.

“Sumud” фаластинликларнинг ўз ерларини сақлаб қолишини, миллий ўзлигини ва маданиятини асраб-авайлашини ҳамда зўравонликсиз қаршилик шаклларидан – фуқаровий итоатсизлик ва муқобил институтлар яратиш каби усуллардан фойдаланишини англатади. Фаластин рамзшунослигида “Sumud”ни ифодалаш учун анъанавий равишда зайтун дарахти ва ҳомиладор деҳқон аёл каби образлар ишлатилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан “ёрдам флотилияси”ни тўхтатганди. Бир нечта кемалар зарар етказилмаган ҳолда ушлаб қолинган ва йўловчилар Исроил портларига олиб борилган. 3 октябрь куни Исроил ҳарбийлари халқаро “Global Sumud” флотилиясини ҳужум орқали тўхтатиб, миссия таркибидаги охирги кемани ноқонуний равишда эгаллади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Грета Тунберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг