Грета Тунберг Исроил қамоқхонасида оғир шароитларда ушлаб турилмоқда – ОАВ
Олам
−
05 Октябрь 2025 10580 3 дақиқа
Швециялик экофаол Грета Тунберг Ғазога ёрдам флотилияси аъзолари билан бирга ҳибсга олингандан сўнг Исроил қамоқхонасининг шафқатсиз муносабатидан шикоят қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Тунбергнинг ёнига борган дипломатларнинг сўзларига кўра, у “ҳашаротлар тўла бўлган камерада ўтиргани, жуда оз сув ва овқат олгани ҳамда ҳолдан тойганини” айтган.
Бошқа флотилия аъзоларининг таъкидлашича, ҳарбийлар Гретани байроқларни ушлаб туришга мажбурлаган ҳолда суратга олган ва унга қарши куч ишлатган.
“Улар Гретанинг сочидан тортиб, калтаклашди ва Исроил байроғини ўпишга мажбур қилишди”, деган туркиялик фаол Эрсин Челик “Анадолу” агентлигига.
Нашр маълумотларига кўра, жами 437 киши – турли мамлакатлардан борган фаоллар, ҳуқуқшунослар ва парламент депутатлари ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси Исроилнинг Ғазодаги денгиз блокадасини бузишга уринган “Global Sumud Flotilla” халқаро флотининг бир қисми эди. Ушланганлар Негев чўлидаги Кециот қамоқхонасига олиб кетилган.
Адалаҳ ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, ҳибсга олинганларга сув, дори-дармон ва адвокатлар кириш имкони берилмаяпти. Адвокатларнинг таъкидлашича, кўпчилик бир неча соат давомида овқатсиз ва сувсиз ушлаб турилган ва Гретага “фойдаланиш учун бир қоп чипс беришган”.
Исроил томони айбловларни рад этиб, ҳибсга олинганларнинг барчаси “сув, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминлангани”ни айтди.
Бир қатор нашрлар Исроил элчихонасининг расмий жавобидан иқтибос келтирган ҳолда “Исроил қонун ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган давлат бўлиб қолаётгани”ни ёзган.
Швеция Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Тунберг ва ҳибсга олинган яна саккиз нафар Швеция фуқаросининг ёнига борганини тасдиқлади. Дипломатлар ҳибсда сақлаш шароитларини яхшилаш, адвокатлар ва шифокорлар билан учрашишни талаб қилмоқда.
Халқаро “Global Sumud” флотилияси
Халқаро “Global Sumud” флотилияси ўнлаб кемалардан иборат бўлиб, бир неча кундирки Ғазо томон ҳаракат қилмоқда. Унинг бортида катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами, жумладан дори-дармонлар ҳам бор. Бу флотилия – ҳозиргача Фаластин эксклавига йўл олганлар ичидаги энг йириги ҳисобланади.
“Sumud” сўзи араб тилидан “матонат”, “соқовлик” ёки “мустахкам ирода” деб таржима қилинади. 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин бу атама фаластинликлар учун босим остидаги қаршилик ва омон қолиш стратегиясини ифода этувчи асосий тушунчага айланган.
“Sumud” фаластинликларнинг ўз ерларини сақлаб қолишини, миллий ўзлигини ва маданиятини асраб-авайлашини ҳамда зўравонликсиз қаршилик шаклларидан – фуқаровий итоатсизлик ва муқобил институтлар яратиш каби усуллардан фойдаланишини англатади. Фаластин рамзшунослигида “Sumud”ни ифодалаш учун анъанавий равишда зайтун дарахти ва ҳомиладор деҳқон аёл каби образлар ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан “ёрдам флотилияси”ни тўхтатганди. Бир нечта кемалар зарар етказилмаган ҳолда ушлаб қолинган ва йўловчилар Исроил портларига олиб борилган. 3 октябрь куни Исроил ҳарбийлари халқаро “Global Sumud” флотилиясини ҳужум орқали тўхтатиб, миссия таркибидаги охирги кемани ноқонуний равишда эгаллади.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025