Ғазога ёрдам олиб бораётган кемалар Исроилнинг қўлига тушди (видео)

Олам

image

Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан “ёрдам флотилияси”ни тўхтатди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 октябрь куни кечқурун бир нечта кемалар зарар етказилмаган ҳолда ушлаб қолинган ва йўловчилар Исроил портларига олиб борилган. Расмий маълумотда швециялик экофаоллардан бири Грета Тунберг ва унинг ҳамроҳлари соғ-саломат ва хавфсиз экани қайд этилган.

Флотилия август ойининг охирида Барселонадан йўлга чиққан бўлиб, 40 дан ортиқ катер ва елканли кемалардан иборат эди, бортида бир неча юз одам, жумладан Грета Тунберг ҳам бор эди. Ташкилотчилар Исроилнинг ёрдамни Ашдод порти орқали Ғазога етказиш таклифини рад этган. Шунингдек, 1 октябрь куни Италия расмийларининг флотилияни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлари ҳам инобатга олинмаган. Оқибатда флотилия Исроилнинг Ғазо яқинида жорий денгиз блокадасига дуч келган.

Флотилия тўхтатилгач, Рим ва Неаполда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтган. Норозилар Италия Бош вазири Жоржа Мелонини флотилия фаолларига бирдамлик билдирмаганликда айблаган.

Исроил Ғазо секторига денгиз блокадасини 2007 йилда ҲАМАС ҳудудни эгаллагач жорий қилган, мақсад эса қурол-яроғ етказиб келинишининг олдини олиш бўлган. Миср ҳам бу блокадани қўллаб-қувватлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ швециялик экофаол Грета Тунберг яна 11 нафар фаол билан бирга “Мадлин” яхтасида Ғазо сектори қирғоқларига яқинлашмоқчи бўлганди. Аммо кема Исроил ҳарбийлари томонидан қўлга олинган. Исроил ТИВ Ғазо қирғоқлари яқинидаги денгиз зонаси “халқаро қонунларга мувофиқ қонуний денгиз блокадасига мувофиқ” ёпилганини эслатган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Грета Тунберг ҲАМАС ёрдам флотилияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг