Грета Тунберг Исроилда қандай қийналганини айтиб берди
Олам
−
08 Октябрь 8585 3 дақиқа
Швециялик экологик фаол Грета Тунбергнинг айтишича, Исроилда ҳибсда сақланган пайтида у ва бошқа фаолларга тоза ичимлик суви беришмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг саломатлиги ёмонлашган. Бу ҳақда Тунберг Исроил армияси томонидан Global Sumud флотилиясини ҳужум вақтида ҳибсга олинган тўққиз нафар швед фаоли қаторида Швецияга қайтгач, кеча, 7 октябрь куни баён қилди.
“Биз Швеция консуллиги вакилларига айтдикки, ҳибсда бўлган бутун вақт мобайнида тоза ичимлик сувига кириш имконимиз бўлмаган. Сув ифлосланган эди ва биз касал бўлдик”, деди фаол журналистларга Стокгольмдаги Сергельс майдонида ўтказилган брифингда.
Тунбергнинг сўзларига кўра, ифлосланган сув сабабли улар Швеция консуллиги вакилларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлган.
“Исроил расмийлари кўз ўнгимизда ичимлик суви солинган бутилкаларни чиқиндиларга ташлаб, тоза сув ҳақидаги илтимосларимизга кулди. Биз уларга тоза ичимлик сувига кириш имконини олмагунча кетмаймиз дедик”, дея қўшимча қилди у.
Фаол, шунингдек, ўз шикоятларини Швеция консуллиги ходимларига ҳам етказганини айтди:
“Мен уларга айтдим: “Сизлар кетгач, бизга зўравонлик қиладилар, чунки эндиликда ҳеч ким бизга эътибор бермайди”. Бироқ швед расмийлари барибир жойни тарк этди”, деди у.
Тунбергнинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийлари томонидан жисмоний зўравонлик ҳам қўлланилган.
“Одамлар ҳушидан кетарди, биз шифокор ёки зарур дори талаб қилганимизда эса бизга таҳдид қилишарди: “60 кишини тор ҳужраларга қамаймиз ва сизларни газ билан ўлдирамиз”, дейишарди”, деди у.
Фаол шунингдек, Швеция ҳукуматини ҳам танқид қилди:
“Ростини айтсам, бошқа нима дейишни билмайман. Биз нима десак ҳам, бу ҳукуматларимизни Исроилга қарши чора кўришга ундамайди”, деди Грета Тунберг.
Тунбергнинг ўз баёнотида бу ҳақда тўғридан тўғри айтилмаган бўлса-да, Global Sumud флотилияси иштирокчилари орасидаги баъзи фаоллар ҳибс пайтида уларни таҳқирлаш, Исроил байроғини ўпишга мажбурлаш каби ҳолатлар бўлганини таъкидлаган. Бу даъволарни Исроил расмийлари рад этган, бироқ мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳозирча бу ҳолат юзасидан текширувни тугатмаган. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари буни инсон қадр-қиммати ва сиёсий фаолларнинг ҳуқуқларини бузиш сифатида баҳоламоқда.
Халқаро “Global Sumud” флотилияси
Халқаро “Global Sumud” флотилияси ўнлаб кемалардан иборат бўлиб, бир неча кундирки Ғазо томон ҳаракат қилмоқда. Унинг бортида катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами, жумладан, дори-дармонлар ҳам бор. Бу флотилия – ҳозиргача Фаластин эксклавига йўл олганлар ичидаги энг йириги ҳисобланади.
“Sumud” сўзи араб тилидан “матонат”, “соқовлик” ёки “мустахкам ирода” деб таржима қилинади. 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин бу атама фаластинликлар учун босим остидаги қаршилик ва омон қолиш стратегиясини ифода этувчи асосий тушунчага айланган.
“Sumud” фаластинликларнинг ўз ерларини сақлаб қолишини, миллий ўзлигини ва маданиятини асраб-авайлашини ҳамда зўравонликсиз қаршилик шаклларидан – фуқаровий итоатсизлик ва муқобил институтлар яратиш каби усуллардан фойдаланишини англатади. Фаластин рамзшунослигида “Sumud”ни ифодалаш учун анъанавий равишда зайтун дарахти ва ҳомиладор деҳқон аёл каби образлар ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан “ёрдам флотилияси”ни тўхтатганди. Бир нечта кемалар зарар етказилмаган ҳолда ушлаб қолинган ва йўловчилар Исроил портларига олиб борилган. 3 октябрь куни Исроил ҳарбийлари халқаро “Global Sumud” флотилиясини ҳужум орқали тўхтатиб, миссия таркибидаги охирги кемани ноқонуний равишда эгаллади. Грета Тунберг 6 октябрь куни турли миллатга мансуб 70 дан ортиқ ҳибсга олинганлар билан Исроилдан депортация қилинди
Live
Барчаси