Гонконгда мухолиф медиа магнат 20 йилга қамалди

Олам

image

Гонконгда суд мухолиф медиа магнати Жимми Лайни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. У Хитой Коммунистик партиясини “ағдариш” мақсадида хорижий кучлар билан тил бириктиришда, шунингдек Хитой ҳокимиятига қарши исёнга ундовчи материаллар чоп этишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, Жимми Лайга тегишли бўлган ва ёпилган Apple Daily газетасининг собиқ олти ходими ҳам 6 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга ҳукм қилинган. Судьялар ҳукмни эълон қилиш чоғида хорижий кучлар билан тил бириктиришни “яхши режалаштирилган” ва “қасддан амалга оширилган” ҳаракат деб атаган.

Жорий йилнинг 13 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳимоя томони Гонконг судидан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. Судья Алекс Ли миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунга мувофиқ бундай жиноятлар учун Жимми Лайга 10 йилдан умрбод қамоққача жазо таҳдид солишини билдирган. Медиа магнат эса айбини тан олмаган.

78 ёшли Жимми Лай 2020 йил август ойида 2019 йилда Гонконгда бўлиб ўтган оммавий ҳукуматга қарши намойишлардан сўнг Хитойда қабул қилинган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган. Ўтган йиллар давомида у бир қатор енгилроқ жиноятлар бўйича ҳам судланган.

2023 йил декабридан буён уч нафар судья томонидан ҳакамлар ҳайъатисиз олиб борилган суд жараёнини АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Буюк Британияда ҳам кузатиб борган. Гонконг расман Хитой таркибида бўлса-да, Буюк Британия билан тарихий алоқаларга эга. 2025 йил октябрь ўрталарида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган учрашувда АҚШ Президенти Доналд Трамп ХХР раҳбари Си Сзинпиндан Жимми Лайни озод этишни сўраган, бироқ жавоб олмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда собиқ адлия вазири Тан Йичун пора олишда айбдор деб топилгани ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гонконг Жимми Лайни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг