Ўзбекистон Жаҳон блиц чемпионатида бронза медални қўлга киритди

Спорт

image

Кеча, 21 июнь куни Гонконгда бўлиб ўтган 2026 йилги жамоавий тезкор ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг блиц йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси совриндорлар сафидан жой олди.

Плей-офф баҳсларини муваффақиятли бошлаган терма жамоа чорак финалда мусобақанинг асосий фаворитларидан бири саналган халқаро профессионал шахмат жамоаси (WR Chess) жамоасини мағлуб этди. Ушбу жамоа таркибида собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳамда собиқ жаҳон чемпионкаси Александра Костенюк каби таниқли шахматчилар ҳаракат қилган.

Ярим финалда ўзбекистонлик шахматчилар Хитойнинг “Dragon Chilling” жамоасига имкониятни бой беришди. Бироқ учинчи ўрин учун кечган баҳсда “Хексамайнд” жамоаси устидан ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритган.

Ўзбекистон жамоаси сафида Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Оқжол Раҳматуллаев иштирок этди.

Мазкур натижа орқали терма жамоа 30 минг евро миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга бўлди. Жаҳон блиц чемпионатида олтин медалларни “Dragon Chilling” жамоаси қўлга киритди. Жамоа таркибида собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижэнь ва амалдаги жаҳон чемпиони Жу Вэньцзюнь иштирок этган. Кумуш медаллар эса халқаро “Эндгейм” жамоаси ҳисобига ёзилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг