Ҳусанов “Сити”нинг янги сафар либосининг тақдимотида қатнашди (видео)
Спорт
−
15:33 1166 2 дақиқа
“Манчестер Сити” ва Puma спорт бренди жамоанинг 2026-2027 йилги мавсум учун мўлжалланган янги сафар либосини тақдим этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Либоснинг тақдимоти клубнинг Гонконгда ўтаётган мавсумолди йиғини доирасида бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ҳам иштирок этди.
Янги либос қора ва сариқ рангларда ишланган бўлиб, унда Манчестер шаҳрининг энг машҳур рамзларидан бири – асалари тимсоли акс этган. Клуб таъкидлашича, асалари шаҳарда футбол пайдо бўлишидан анча аввал меҳнатсеварлик, бирдамлик ва матонат рамзи сифатида танилган.
“2026–2027 йилги мавсум учун тайёрланган сафар либоси айнан шу рамзни марказга қўяди. У меҳмон стадионларидаги муҳит ва Манчестер кўчаларининг ўзига хос руҳини ўзида мужассам этган. Манчестерда туғилган бўласизми ёки бу шаҳарни ўзингизга яқин деб ҳис қиласизми, асалари сиз бизнинг биримиз эканингизни англатади”, дейилади клубнинг расмий баёнотида.
Шунингдек, клуб мазкур рамздан фойдаланишда Манчестер шаҳар кенгаши билан яқин ҳамкорлик қилганини маълум қилди. Бу ҳамкорлик шаҳар, унинг аҳолиси ва клуб атрофидаги жамоалар ўртасидаги мустаҳкам алоқани янада кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, либос камида 50 фоиз қайта ишланган материаллардан ишлаб чиқарилган.
“Манчестер Сити” янги сафар либосидаги илк учрашувини эртага, 1 август куни мавсумолди йиғини доирасида Миланнинг “Интер” клубига қарши ўтказади.
Live
Барчаси