Гол жамоавий нишонланмайди – Суперлига ўйинларининг ўтказилиш тартиби белгиланди
Жамият
−
12 Июнь 2020
3840Хабарингиз бор, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан футбол бўйича Суперлига ўйинлари ўтказилишига рухсат берилган эди. Қарорга кўра футбол ўйинлари ўтказилиши тартиби белгилаб берилган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.
2020 йил 12 июнь кунидан футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг навбатдаги тур ўйинлари бошланади. Ушбу мусобақаларни ўтказиш учун санитария талаблари ишлаб чиқилганми?
Футбол бўйича Суперлига ўйинларини ўтказишда қуйидаги асосий талабларга риоя қилиниши лозим:
– битта учрашувдаги иштирокчиларнинг (жамоалар, ташкилотчилар ва ОАВ ходимлари) умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак;
– учрашув учун танлаб олинган барча тўплар, GPS тизимлари (Полар тизими), фишкалар, дарвоза устунлари ҳамда тўрлари, барча экипировкалар дезинфекция қилиниши шарт;
– учрашув давомида стадионга киритилган барча шахслар карантин нормаларига (шахсий ҳимоя воситаларига) қатъий риоя қилиши шарт;
– уларга тупуриш, оғиз чайқалган сувни оммавий жойга (айниқса футбол майдонига) ташлаш каби санитария қоидаларини бузиш тақиқланади (футболчилар оғиз чайиши ҳамда оғиздаги сувни ташлаши учун алоҳида идишлар, яъни, туфдон қўйилган нуқталарни ташкил этиш тавсия этилади).
– футболчилар ва ҳакамлар ечиниш хоналари, шунингдек, автобуслар кварц лампалар билан жиҳозлаш керак (портатив кварц лампа);
– стадион ҳудудидаги барча шахслар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шарт. Фақатгина ўйин вақтида майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар ва ҳакамларда ниқоб бўлмайди. Чигалёзди машғулотларида қатнашувчилар ҳам ниқоб тақишади;
– учрашув олдидан икки жамоа вакиллари ва ҳакамларнинг ўзаро қўл бериб кўришиш тадбирлари бекор қилинади;
– жамоавий расмга тушишда футболчилар ижтимоий масофа сақлайди ҳамда бир-бирига тегиниб турмайди (зиг-заг усулида);
– футболчилар голни нишонлаётганда ижтимоий масофа сақлайди ва голни жамоавий нишонлашга йўл қўйилмайди;
– карантин талабларидан келиб чиқиб, матбуот анжумани ўтказилади. Унда иштирок этаётган барча карантин талабларига қатъий риоя этиши шарт;
– матбуот анжуманида иштирок этаётган футболчи ва мураббийлар микрофон, диктофон каби воситаларга тегиниши, уларни бир жойдан бошқа жойга суриши мумкин эмас;
– учрашув стадиони алоҳида изолятор хонаси бўлиши ва мазкур хона зарурий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган бўлиши керак;
– учрашув ўтадиган туташ бинолар ичи футболчилар келишидан 2 соат аввал дезинфекцияланиши керак.
Аввалроқ, Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси муддати ўзгаргани ҳақида хабар берган эдик.