Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси ва Миралиевлар ишига Калашниковнинг нима алоқаси бор?
Жамият
−
07 Февраль 2020
21386Паррандачилик бизнеси билан шуғулланувчи ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар ҳибсга олингани ва улар устидан суд иши бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Эътиборли томони, ишда жабрланувчи сифатида Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ҳам қатнашаётгани ҳақида маълум қилинган эди.
Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ навбатдаги суд мажлисида қатнашиб, жабрланувчи Ш.А.нинг сўзларини келтирди. Жабр кўрган шахс ўз кўрсатмасида, Элдор Миралиев билан 300 минг АҚШ долларига тенг олди-бердиси бўлгани ва пулнинг маълум қисмини қайтариб ололмагани ҳақида шикоят қилди.
Кеча, 6 февраль куни жиноят ишлар бўйича Сирғали туман судида айбланувчи Э.Миралиев устидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтди.
Судда жабрланувчилар Ш.А. ва А.Ш.ларнинг кўрсатмалари тингланди. Даставвал, Ш.А. ўзининг олдинги суд мажлисида берган кўрсатмалари бўйича адвокатлар томонидан саволлар берилди.
Кейинги жабрланувчи А.Ш. ҳам ушбу суд мажлисида сўзга чиқди. Мазкур шахс дастлабки терговдаги биринчи кўрсатмаларини рад этди. А.Ш. кўрсатмасида қайд этишича, у баённомани ўқимай имзо чеккан.
“Умаров деган шахс Бош прокуратурадан эканини айтиб чақирди. Миралиевлар ҳақида сўради. Танимаслигимни айтдим. Тўғриси ҳам шу-да. Элдор Миралиевни биринчи марта кўриб турибман. 2018 йилдан бери машина бизнеси билан шуғулланаман. Менга Жаҳонгир деган бола машина олишини айтиб мурожаат қилган.
Прокуратура менга кўрсатмам учун қўл қўйдириб олди. Кейинроқ чақириб видеога олишларини айтишди. Шундан кейин мени ишда жабрланувчи сифатида жалб қилишмоқчи эканини тушуниб қолдим. Лекин мен Элдорни танимаслигимни айтдим. Мен барча олишим керак бўлган нарса, яъни машинамни олдим. Россиядан олиб келган машинамга бож тўланган”, дея кўрсатма берди.
Жабрланувчи шунингдек, Россиядан машина олиб келишини айтиб, у ерда Калашников деган дўсти билан бирга фаолият юритишини айтди. Калашников машинани Россиядан юборса, ўз номига расмийлаштириб кейин сотишини, пулларни олдиндан олишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Жаҳонгир 150 минг АҚШ долларига тенг машинани буюртма қилган. Бундай машинани Калашников жабрланувчига Россиядан юборган. Жаҳонгир А.Ш.га автомобиль учун бож тўлови – 509 миллион сўм ва “закалат” сифатида 10 минг АҚШ долларини берган. Улар пул тўлиқ берилгунча автомобиль А.Ш.нинг номига расмийлаштирилишини келишишган.
Жабрланувчининг ҳимоячиларидан бири агар айбланувчини танимаса қандай қилиб Элдор Миралиевга Жиноят кодексининг 166-моддаси бўйича айблов қўйилгани ҳақида сўради. Жабрланувчи А.Ш. айбланувчини танимаслиги ва унга нисбатан талончилик содир этмагани ҳақида кўрсатма берди.
Суд мажлисида жабрланувчилардан бирининг адвокати суд ёпиқ тарзда кўрилиши, суд мажлиси иштирокчиларига барча ҳолатлар сир сақланиши мажбуриятини юклаш ҳақида илтимоснома киритди. Раислик қилувчи судья ушбу масалада прокурор фикри билан қизиқди. Прокурор айни вақтда очиқлик сиёсати олиб борилаётгани ҳақида гапириб, илтимосномани рад этишни сўради. Бошқа адвокатлар ҳам шу фикрни маъқуллашди. Жабрланувчилар фикри ҳам сўралди. Сўнгра, раислик қилувчи суд мажлиси очиқ ва шаффоф ўтилиши лозим эканини айтиб, илтимосномани тўлиқ рад этди. Шунингдек, суднинг ёпиқ тарзда ўтилиши қайси ҳолларда ўтказилиши бўйича қонунчиликда тушунарли қилиб ёзилганини ҳам эслатиб ўтди.
Кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 11 февраль куни ўтказилиши белгиланди. Эътиборли жиҳати, суд мажлисида раислик қилувчи судья ўзининг махсус мантиясида иштирок этди. Бу янги тартиб амалга киритилганидан дарак бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати йигирма учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилган эди.
LiveБарчаси