Қозоғистонда 100 дан ортиқ жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Олам
−
14:49
3110Қозоғистонда полиция ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари бир вақтнинг ўзида 10 та ҳудудда махсус операция ўтказиб, 118 кишини қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Қозоғистон хавфсизлик кучлари товламачилик ва мамлакат қамоқхоналарини наркотик моддалар билан таъминлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳлар аъзоларини қўлга олиш бўйича кенг кўламли махсус операция ўтказган.
“Хавфсизлик кучлари Қозоғистоннинг 10 та вилоятида бир вақтнинг ўзида иш олиб борди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, колонияларни гиёҳванд моддалар билан таъминлаган ва товламачилик билан шуғулланган, кўпчилиги бир неча марта судланган одамлардан иборат бутун бир гуруҳ қўлга олинган.
“Жами 118 нафар жиноятчи, жумладан, 13 нафар жиноий муҳит вакиллари қўлга олинди. 100 дан ортиқ қидирув ишлари олиб борилди. 3 та Калашников автомати, иккита травматик тўппонча, катта миқдордаги турли калибрли ўқ-дорилар, 11 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар, мобил қурилмалар ва қора ҳужжатлар мусодара қилинди”, деган вазирликнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси вакили Қуандиқ Алпис.
Шунингдек, вазирлик томонидан ҳибсга олинганлар орасида узоқ ва яқин хориждан келган жиноятчи ҳам борлиги билдирилган. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қорасой тумани суди 2022 йил январь ойидаги оммавий тартибсизликлар вақтида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларини қийноққа солган олти полиция ходимини уч йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарганди. Шунингдек, улар давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан ва махсус унвонлардан ҳам айрилган.
LiveБарчаси