Гершкович ёлғиз эмас. Блинкен Лавровни Россияда ҳибсга олинган америкаликларни озод қилишга чақирди
Олам
−
03 Апрель 2023
9474Кеча, 2 апрель куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон суҳбатида Россияда ҳибсга олинган Американинг “The Wall Street Journal” газетаси журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Веданта Пателнинг ёзма баёнотида айтилди.
Қайд этилишича, Давлат котиби АҚШ фуқароси бўлган журналистнинг номақбул ҳибсга олинишидан Қўшма Штатларнинг жиддий хавотирини билдирган. Блинкен уни зудлик билан озод қилишга чақирган. Шунингдек, Котиб Блинкен Кремлни ноҳақ ҳибсга олинган АҚШ фуқароси Пол Уиланни ҳам зудлик билан озод қилишга чақирган.
Бундан ташқари, Блинкен ва Лавров дипломатик миссияларга ўз вазифаларини бажариш имконини берадиган шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини муҳокама қилган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотларига кўра, Гершкович Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган. Шу муносабат билан журналист Екатеринбургда қўлга олинган. ФХХнинг Тергов департаменти унга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (“Жосуслик”) бўйича жиноий иш қўзғатган. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, журналист жиноят устида қўлга олинган. 30 март куни Москванинг Лефортово суди Гершковичга нисбатан 29 майга қадар ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган.
Блинкен озод этишни сўраган Пол Уилан эса АҚШ, Канада, Ирландия ҳамда Буюк Британия фуқаролигига эга бўлган. У 2018 йилнинг 28 декабрь куни Россия ФХХ ходимлари томонидан Москвадаги Метрополь меҳмонхонасидаги хонада жосуслик кампанияси вақтида қўлга олинган эди. ФХХ Тергов бўлими унга нисбатан ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Москва шаҳар суди Уиланни айбдор деб топган ва уни 16 йилга тартибли колонияга ҳукм қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни Екатеринбургда “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершкович жосусликда гумон қилиниб, ФХХ томонидан ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти Россиядаги барча Америка фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирганди. АҚШ ортидан Польша ҳам ўз фуқароларини Россияни тарк этишга чорлаганди.
LiveБарчаси