Германиядаги шифохонага ўт кетди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Бугун, 2 июль куни Германия шимолидаги Людвигслюст шаҳри шифохонасида содир бўлган ёнғин оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда “dpa” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг иккаласи ҳам тиббиёт муассасаси беморлари бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, жароҳатланганлар орасида жиддий шикастланганлар йўқ.

Ёнғин шифохона палаталаридан бирида бошлангани дастлабки босқичда аниқланган, бироқ ҳалок бўлган иккала шахс ҳам бир хонада бўлган-бўлмагани ҳозирча номаълум.

Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, ёнғин маҳаллий вақт билан эрталаб соат тахминан 04:30 ларда содир бўлган. Қутқарувчилар воқеа жойига етиб боргач, беморлар ва ходимлар бинодан эвакуация қилинган.

Тонгга яқин беш қаватли бино томи устида қуюқ тутун ва аланга кўтарилган. Шифохона ҳудудида эвакуация қилинган беморлар бўлиб, уларнинг кўпчилиги иссиқ ёпинчиқларга ўраб қўйилган.

Беморларнинг бир қисмини ходимлар ғилдиракли каравотларда олиб чиққан, баъзилари эса бинони мустақил равишда тарк эта олган. Бошқалар эса клиника яқинидаги ногиронлар аравачаларида ёки скамейкаларда ёрдам кутган.

Шифохона маълумотларига кўра, тиббиёт муассасаси 160 ўринга мўлжалланган бўлиб, Людвигслюстдаги минтақани асосий тиббий хизмат билан таъминлайдиган ягона шифохона ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бельгиянинг Антверпен шаҳрида жойлашган кўп қаватли тураржой биносида чиққан кучли ёнғин оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг