Германия Усмоновларга тегишли “Dilbar” яхтасини мусодара қилди
Олам
−
14 Апрель 2022
15055Германиянинг Гамбург шаҳри ҳукумати Европа санкциялари остида қолган россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага тегишли бўлган Dilbar яхтасини мусодара қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар бермоқда.
Германия Федерал жиноят полицияси бошқармаси кеча, 13 апрель куни Гамбург портида бўлиб турган Dilbar яхтасининг асл эгаси Гулбаҳор Исмоилова эканлигини маълум қилган. Шу вақтгача кема Алишер Усмоновга тегишли экани айтиб келинарди, аммо унинг қонуний хўжайини кимлиги айтилмасди.
“Гамбург ҳукумати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Dilbar суперяхтаси Ғарб санкциялари остида бўлган синглисига тегишли эканлигини аниқлаб, мусодара қилди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия кеча, 13 апрель куни Россия Федерациясидан яна 206 нафар жисмоний ва юридик шахсни санкциялар рўйхатига киритганди. Янгиланган рўйхатда миллиардер Алишер Усмоновнинг опа-сингиллари Саодат Нарзиева ва Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор эди.
Ўтган ойда Германия расмийлари Алишер Усмоновнинг 156 метрлик
Dilbar яхтасини мусодара қилгани ҳақида айтилганди. Аммо маълумот кейинроқ инкор этилди.