Британиядан навбатдаги санкциялар: Алишер Усмоновнинг опа-синглиси ҳам “қора рўйхат”га тушди

Олам 6931
image

Буюк Британия Россия Федерациясидан яна 206 нафар жисмоний ва юридик шахсни санкциялар рўйхатига киритди. Янгиланган рўйхатда миллиардер Алишер Усмоновнинг опа-сингиллари Саодат Нарзиева ва Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор. Ҳужжат Британия ҳукумати сайтида эълон қилинди.

Бугун, 13 апрелдаги санкциялар рўйхатига киритилганлар:

•  Бизнесмен ва АФК “Система” акциядори Владимир Евтушенков;

•  “Лукойл” президенти Вагит Алекперов;

•  “Сургутнефтегаз” бош директори Владимир Богданов;

•  "Россия темир йўллари" собиқ раҳбари Владимир Якунин;

•  Президентнинг илмий ва таълим сиёсати бўйича ёрдамчиси Андрей Фурсенко;

•  “Газпромбанк” вице-президенти ва РФУ собиқ раҳбари Сергей Фурсенко;

•  Тадбиркор Григорий Березкин (ЕСН гуруҳи);

•  “Мухолифат платформаси - ҳаёт учун” мухолифат партиясидан Украина Олий Радаси депутати Виктор Медведчук.

Бундан ташқари, янгиланган рўйхатда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг рафиқаси Мария, тадбиркор Геннадий Тимченконинг рафиқаси Елена, Алишер Усмоновнинг опа-сингиллари Саодат Нарзиева ва Гулбаҳор Исмоилова, олигарх Фридманнинг ёрдамчиси Нигина Заирова, “Сургутнефтгаз” бош директори ва ҳаммуассиси Владимир Богданов, “Ozon”нинг собиқ бош директори Александр Шульгин, "Трансмашхолдинг" АЖ директорлар кенгаши раиси Андрей Бокарев, тадбиркорлар Саид Керимов, Фарҳод Аҳмедов ва Игор Кесаев ҳам бор.

Умуман олганда, жорий йилнинг 24 февралидан бери Буюк Британия 1,2 мингдан ортиқ россиялик сиёсатчилар, бизнесменлар, амалдорлар, журналистлар ва корхоналарга қарши санкциялар киритди. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жами активлари 940 миллиард фунт стерлинг (1,2 триллион доллар) бўлган 18 та Россия банки, шунингдек, Лондон томонидан умумий активлари 170 миллиард фунт стерлинг (220 миллиард доллар) деб баҳоланган 82 нафар “олигарх ва уларнинг оила аъзолари” санкциялар остида қолган. Шу билан бирга, Россия фуқаролари Мария Воронцова, Катерина Тихонова ва Екатерина Винокуровага нисбатан шахсий чекловлар қўйган.

Очиқ маълумотларга кўра, санкциялар рўйхатига киритилган уч нафар аёлнинг (Саодат Нарзиева, Гулбаҳор Исмоилова ва Нигина Заирова) туғилган жойи Ўзбекистон деб кўрсатилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 3
t
×