Германия Саудияга қирувчи самолёт етказиб бериши мумкин
Олам
−
27 Декабрь 2023
4241Германия Европа Иттифоқи ва НАТОдан ташқаридаги давлатларга қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни кўпайтириши, хусусан, Саудия Арабистонига Eurofighter самолётларини етказиб беришни блокдан чиқариши керак. Бундай таклифни Христиан-демократик иттифоқидан сайланган Бундестаг депутати Родерих Кизеветтер DPA'га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Депутат Германиянинг Саудия Арабистони билан ҳамкорликдан стратегик манфаатдорлигини ҳам айтиб ўтган.
“Бундай курсни ўзгартириш Саудия Арабистонининг Ғарб лагеридан узоқлашиши ва, масалан, Хитойга қўшилишига йўл қўймаслик учун зарур”, дейди Кизеветтер.
Бундан ташқари, гап Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш ҳақида кетмоқда. Ғазодаги можародан олдин икки давлат орасида яқинлашув кузатилган.
“Шунинг учун биз Саудия Арабистонига Eurofighter’ни етказиб беришимиз керак. Худди шундай, Буюк Британиянинг Украинага Eurofighter юбориш истагини ҳам қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бироқ канцлер буни мен тушунмайдиган сабабларга кўра тўсиб қўймоқда”, дея хулоса қилди Кизеветтер .
“The Daily Telegraph” (DT)нинг ёзишича, Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Германия канцлери Олаф Шольцни Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини Саудия Арабистонига экспорт қилишга кўндиришга уринмоқда.
Қайд этиш жоизки, Саудия Арабистонига 48 та Eurofighter Typhoon кўп мақсадли қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга 2018 йилда эришилган. Бироқ 2018 йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишидан сўнг, келишув пауза қилинган. Самолётларни экспорт қилиш учун уни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган барча тўртта давлатдан – Буюк Британия, Испания, Италия ва Германиядан рухсат олиш керак. Берлин расмийлари Қошиқчи ўлдирилиши ортидан Саудия Арабистонига қурол экспорт қилишни тақиқлади. DT маълумотларига кўра, Шольц бу тақиқдан воз кечишга тайёр, аммо унинг коалицион ҳукуматидаги Яшиллар бундай қадамга қарши. Улар буни Саудиядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга боғламоқда.
DPA’га кўра, Германия 2023 йилда чет давлатларга рекорд даражадаги 11,7 миллиард евролик қурол етказиб беришга рухсат берган, бу сумманинг учдан бир қисми Украина ҳисобига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” манбаларига таяниб, Америка Қўшма Штатлари Саудия Арабистони армиясининг жанговар тайёргарлиги учун 1 миллиард доллар ажратишини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь