Германия Федерал Президентининг Ўзбекистонга ташрифи дастури маълум бўлди

Олам

image

Аввалроқ, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27-29 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.

Бу маълумотни айни вақтда немис тарафи ҳам тасдиқлаяпти, деб хабар бермоқда Германияда бўлиб турган QALAMPIR.UZ мухбири.

Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифини Шавкат Мирзиёевнинг январдаги Германия сафарига ўзига хос жавоб ташрифи дейиш мумкин.

Амалдаги ГФР Президентининг Ўзбекистонга ташрифи Берлинда бошланган олий даражадаги мулоқотнинг давоми, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг келажакда ривожланишига асос бўлиши қайд этилмоқда.

Ташриф Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини барча йўналишларда фаоллашувига туртки бўлиши мумкин. Ўзбекистонда уч йилдирки иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизация қилишга эътибор бериляпти. Германия технологик ва инновацион имкониятлар борасида дунёнинг энг етакчи давлатлари қаторида туради. Ўзбекистон Германиянинг ана шу имкониятларидан унумли фойдалана олса, икки мамлакат ўртасида манфаатли алоқалар шаклланишига умид қилиш мумкин.

Германия Федерал Президентининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида унга нафақат расмий делегация, балки кўплаб немис тадбиркорлари ҳам ҳамроҳлик қилиши айтиляпти. Бу ўз навбатида ўзбекистонлик тадбиркорларга қўшма лойиҳалар тузиш учун ўзига хос майдон яратилади дегани.

Франк-Вальтер Штайнмайернинг ташрифи дастурига Тошкентдаги икки томонлама музокаралар ва Хивадаги диққатга сазовор жойларни бориб кўришидан ташқари, Орол бўйи минтақасидаги вазият билан танишиш ҳам киритилган.

Маълумки, Германия халқаро доирада атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. Шунингдек, дунёнинг турли минтақаларида шу йўналишдаги инқирозлар келиб чиқмаслиги учун бевосита ёрдам кўрсатиб келади.

Германиянинг Орол муаммосига эътибор қаратиши, айни масаланинг жаҳон миқёсида кун тартибидаги мавзуга айланишига замин яратади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойидаги Германияга амалга оширган ташрифи давомида 8 млрд евролик келишувлар имзоланганди.

Ушбу ташриф имзоланган келишувларнинг ҳужжатда қолиб кетмай, амалга кўчишига туртки бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Германия Франк-Вальтер Штайнмайер

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг