Германия Беларусь биқинига 5 минг аскар юборади

Олам

image
0:00
0:00
download

Германия қарийб 5000 аскарини Беларусь билан чегарадош Литвага доимий равишда жойлаштиради. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Режага кўра, 2027 йил охирига бориб, Литвада 5000 нафар немис ҳарбийси доимий хизмат қилади. Бу билан Бундесвер (Германия Қуролли кучлари) мамлакат тарихида илк бор катта ҳарбий гуруҳни хорижда доимий равишда жойлаштирмоқда. Аскарлар Беларусь чегараси яқинида хизмат қилади.

Литва томонининг маълум қилишича, ўрмонлар бор ҳудудларда қисқа вақт ичида янги тураржойлар, мактаблар, болалар боғчалари ва тиббиёт муассасалари қурилмоқда.

“Немис бригадасини жойлаштириш ишлари режа бўйича кетмоқда. Ҳатто дастлабки босқичда режадан ўн ой олдиндамиз. Бу инфратузилма қурилишида анча илгарилаб кетганимизни ва иккинчи босқични эртароқ бошлашимиз мумкинлигини англатади”, дейди Германия Мудофаа вазири Борис Писториус.

Ҳозирда Литвада 1800 га яқин немис аскари хизмат қилмоқда. Улар Беларусь чегарасидан атиги 20 километр узоқликдаги Пабраде полигонида, НАТОнинг шарқий қанотини ҳимоя қилиш ва эҳтимолий таҳдидларга қарши тайёргарлик кўриш машғулотларини ўтказмоқда.

Машғулотларда Германиянинг 45-танк бригадаси билан бирга Августдорфдаги 203-танк батальони ва Бавариянинг Обервийехтах шаҳридаги 122-пиёда батальонининг бўлинмалари ҳам қатнашмоқда. Ушбу батальонлар келгуси йилда Литвага доимий равишда кўчирилиши режалаштирилган.

“Германия ва Литва 2027 йил охирига қадар барча ишларни якунлаб, бригадани тўлиқ жиҳозланган ва жанговар шай ҳолатга келтиради. Балки бундан ҳам олдинроқ”, дея қўшимча қилинади хабарда.

Бригадани 2027 йил охиригача тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтириш масаласи Германияда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бундесвер бу лойиҳани мамлакатнинг НАТО олдидаги мажбуриятларига содиқлигини намойиш этувчи муҳим ташаббус сифатида баҳоламоқда.

Нашрнинг ёзишича, Бундесвер Литвадаги бригадани тўлдириш учун фақат кўнгиллилик тамойилига таянмаслиги мумкин.

“Биз кўнгиллилик тамойилига амал қилишда давом этамиз. Аммо зарурат туғилганда мажбурий чораларни ҳам қўллашимиз мумкин”, деган Германия қуруқлик қўшинлари инспектори, генерал-лейтенант Кристиан Фройдинг.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ ва Буюк Британия Литвада, Беларусь чегарасидан тахминан 30 километр узоқликда ҳарбий машғулотлар ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг