Германия атом энергиясидан бутунлай воз кечди

Олам

image

Германияда қолган сўнгги учта атом электр станцияси бугун, 15 апрель куни фаолиятини тугатди. Бу ҳақда CNN хабар берди

Қайд этилишича, мамлакатдаги охирги станциялар ёпилиши билан 60 йилдан ортиқ давом этган атом энергетикаси эраси якунланган. Бунгача атом энергетикасига қарши ҳаракатлар ўтган асрнинг 70 йилларидан бошланган. 1979 йилда Пенсильваниядаги Three Mile Island атом электр станциясининг қисман эриб кетиши ва 1986 йилда Чернобил ҳалокати бу бўйича қўрқувларни ошириб юборган. 

Германия ҳукумати 2000 йилда мамлакат ҳудудидаги АЭСларни босқичма-босқич ёпишга ваъда берган. Лекин 2009 йилда янги ҳукумат атом энергетикасидан қайта тикланувчи энергияга ўтилгунга қадар фойдаланиб туриш керак деб ҳисоблаган. 2011 йилда зилзила ва цунами оқибатида Японияда Фукусима атом электр станциясининг учта реактори ёниб кетиши катта миқёсдаги ядровий авария содир бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги кафолатлар ишончли эмаслигини тасдиқлади. 

Ўша вақтдаги Германия канцлери Ангела Меркель буни “Япония учун ақл бовар қилмас фалокат ва дунё учун бурилиш нуқтаси” деб атаганди. Шундан сўнг мамлакатдаги АЭСлар зудлик билан ёпила бошлади. Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан унинг газига қарам бўлган Германия сўнгги АЭСларини ёпиш режасини яна кечиктирди. Мамлакат 2022 йилнинг ёзидан бошлаб энергия захираларини тўлдиришни бошлаб, бу жиҳатдан Россияга қарамликни камайтириш учун энергия манбаларини диверсификация қилишни бошлади. Эски кўмир конлари қайта очилди, АЭСлар ёпилиши кечиктирилди, суюлтирилган газ импорти бўйича шартномалар имзоланди. Натижада Германия йил якунига бориб Россия газига қарамликдан қутулганини эълон қилди. 

Мамлакат ушбу декаданинг охирига бориб, истеъмолдаги энергиясининг 80 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан олишни режалаштирган. Шу мақсадда охирги ядро энергетикаси станциялари – Emsland, Isar 2 ва Neckarwestheim бугун ёпилди.

Эслатиб ўтамиз, Европада АЭСлар ёпилаётган бир пайтда Ўзбекистон “Росатом” билан бирга атом электр станцияси қуриш режасини эълон қилган. Шунингдек, қўшни давлат – Қозоғистонда ҳам АЭС қурилиши ҳақида хабар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АЭС атом энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг