Германия Сурияни қўллаб-қувватлаш шартларини эълон қилди
Олам
−
20:46
1347Кеча, 11 декабрь куни Германия Дамашққа ёрдам бериш учун илгари сураётган шартларни ва саккиз банддан иборат режа тақдим этди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияни қўллаб-қувватлаш режасини тақдим этган. У ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини биринчи ва энг муҳим нуқта деб атаган.
Иккинчи ўринда Сурия ичидаги мулоқот. Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, у БМТ резолюциялари ва у ердаги воқеликларга мувофиқ чет эл аралашувисиз, масалан, Туркия ёки Исроил аралашувисиз ўтиши керак.
“Сурия яна хорижий давлатлар ўйинида пиёдага айланмаслиги керак”, деган Бербок.
Учинчиси, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” аъзолари томонидан аёллар, этник ва диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш. Бербокнинг айтишича, Германия гуруҳ билан ҳали тўғридан тўғри алоқага эга эмас, аммо Берлин унинг “Ал-Қоида” гуруҳи билан алоқаси мавжуд деб билади.
У, шунингдек, инсонпарварлик инқирозини имкон қадар тезроқ енгиб, Сурияни қайта тиклашга чақирган. Вазир Германиядан 8 миллион евролик шошилинч ёрдам ваъда қилган.
Германиянинг яна бир шарти - Суриянинг янги органларининг жавобгарлиги ва адолати. Бербок муроса жараёнига йўл очиш учун Асад режимининг жиноятларининг қонуний равишда текширилиши ва масъулларнинг жазоланишини талаб қилган.
Кейинги банд Асад режимининг кимёвий қуроллари билан боғлиқ. У халқаро назорат остига олиниши керак. Бербокнинг таъкидлашича, у бу масалани аллақачон Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти йиғилишига олиб келган.
Маълум қилинишича, режанинг бошқа бандлари Германия ва Суриядаги можаро томонлари ўртасидаги алоқа каналларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга тегишли. Шу мақсадда Сурия бўйича махсус координатор лавозими жорий этилиши мумкин. Германиядаги суриялик қочқинлар ҳақида эса Бербок уларнинг ватанларига қайтиши БМТ ва Германиянинг ҳамкор давлатлари билан келишиб олиниши кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия федерал канцлери Олаф Шольц Сурияда президент Башар Асад режимининг ағдарилишини олқишлаганди. Шольцнинг таъкидлашича, Берлин бўлажак Сурия ҳукумати барча сурияликларга муносиб ва ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини тақдим этадими ёки Сурия суверенитетини учинчи томонларнинг ғаразли аралашувидан ҳимоя қиладими ҳамда ўз қўшнилари билан тинч-тотув яшай оладими, шунга қараб иш тутади.
LiveБарчаси