“Газпром” “Шимолий оқим”ни номаълум муддатга бутунлай тўхтатди

Олам

image

“Шимолий оқим”нинг ягона ишлайдиган турбинасига техник хизмат кўрсатишда носозликлар аниқланди, газ қувури улар тузатилмагунча ишламайди. Бу ҳақда “Газпром” корпорацияси баёнотида айтилади, деб хабар беради “Интерфакс”.

“Портовая” компрессор станциясидаги газ компрессор блокида режали техник хизмат кўрсатиш чоғида ёғ сизиб чиқиши аниқланди, дея изоҳ берган “Газпром” матбуот хизмати. Ростехнадзор корпорацияни бундай носозликлар газ турбинали двигателнинг хавфсиз ишлашига халақит бериши ҳақида огоҳлантирган.

Компания маълумотларига кўра, сизиб чиқишни фақат “ихтисослаштирилган таъмирлаш компанияси шароитида” тўхтатиш мумкин. 

“Ускунанинг ишлашига оид камчиликлар бартараф этилмагунича, “Шимолий оқим” газ қувурида газ ташиш бутунлай тўхтатилди”, дейилади “Газпром” баёнотида.

Қайд этиш керакки, Россия давлат концерни “Газпром” Портовая компрессор станциясидаги ягона ишлаётган Trent 60 газ насос агрегати техник хизмат кўрсатиш ва режали профилактика ишлари учун 31 августдан 2 сентябрга қадар тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди. “Газпром” Siemens мутахассислари билан биргаликда зарур ишлар олиб борилгач, кунига 33 миллион кубометр газ етказиб бериш қайта тикланишига ишонтирганди. Бу миқдор газ қувури ўтказиш қобилиятининг қарийб 20 фоизига тенг.

Айни пайтда, Россия Канадада техник кўрикдан ўтказилган ва июль ойи ўрталаридан бери Германияда бўлган “Шимолий оқим” турбинасини Германиядан ҳалигача олмаган. Siemens Energy компанияси вакилининг сўзларига кўра, Москва ҳужжатларга ёпишиб олишда ва бемаъни талабларни қўйишда давом этмоқда.

Июнь ойида “Газпром” “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб беришни кескин камайтирди. Россия компанияси буни Siemens газ турбинаси Канададаги таъмирдан сўнг ўз вақтида қайтарилмагани билан изоҳлади. 11 июлдан 21 июлгача эса газ қувурининг иккала тармоғи режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли тўхтатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Газпром Шимолий оқим

Баҳолаганлар

256

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг