Ғазони фаластинлик 15 технократ бошқаради

Олам

image

Ғазо сектори фаластинлик 15 нафар технократдан иборат қўмитa томонидан бошқарилади. Кенгашга АҚШ Президенти Дональд Трамп раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Миср Ташқи ишлар вазири Бадр Абдул Ати маълум қилди. 

“Биз уларни Ғазодаги одамларнинг кундалик ҳаётини таъминлаш учун жалб қилишимиз керак, Тинчлик Кенгаши эса Ғазони қайта тиклаш учун йўналтириладиган молия ва пул оқимларини қўллаб-қувватлаши ва назорат қилиши лозим”, деди Бадр Абдул Ати “Associated Press” агентлигига.

Вазирнинг таъкидлашича, қўмитанинг 15 аъзосини барча фаластин фракциялари, жумладан ҲАМАС ҳам маъқуллаган. Унинг сўзларига кўра, уларни Исроил расмийлари ҳам “текширган”. Бироқ Миср ТИВ раҳбари қўмита аъзоларининг исмларини ошкор этмади.

Бадр Абдул Ати, шунингдек, ҲАМАС АҚШнинг урушни якунлаш режасини қўллаб-қувватлаганини ва ўтиш даврида “ҳеч қандай роль ўйнамаслигини” маълум қилди. У, шунингдек, Исроил анклавдан қўшинларини чиқариши, гуманитар ёрдам етказиб беришни ва маъмурий қўмитанинг ишини таъминлаши шарт эканлигини эслатди.

3 октябрь куни Дональд Трамп Ғазо секторидаги можарони якунланган деб эълон қилди. Ушбу ҳудуддан омон қолган 20 исроиллик гаровдагилар озод қилинди. Эвазига Исроил 2000 фаластинлик маҳбусни қўйиб юбориши керак. Режанинг биринчи босқичи 13 октябрда амалга оширилган, 14 октябрда эса Трамп режанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди, унга кўра ҳалок бўлганларнинг жасадлари қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ марҳум Фаластин раҳбари Ёсир Арофатнинг жияни Носир ал-Қудва тўрт йиллик ихтиёрий сургундан сўнг Ғарбий соҳилга қайтган ва Ғазода тинчликка эришиш учун йўл харитасини эълон қилганди. Носир ал-Қудва келажакда Ғазодаги бошқарувда иштирок этишга тайёр эканини билдирди ва унга кўра, ҲАМАС сиёсий партияга айланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг