Арофатнинг жияни Фаластинга қайтди. У Ғазо бошқарувида иштирок этиши мумкин
Олам
−
15 Октябрь 2025 4148 4 дақиқа
Марҳум фаластин раҳбари Ёсир Арофатнинг жияни Носир ал-Қудва тўрт йиллик ихтиёрий сургундан сўнг Ғарбий соҳилга қайтди ва Ғазода тинчликка эришиш учун йўл харитасини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Носир ал-Қудва келажакда Ғазодаги бошқарувда иштирок этишга тайёр эканини билдирди ва унга кўра, ҲАМАС сиёсий партияга айланиши керак.
Қудва бугунги Фаластин раҳбариятининг йирик танқидчиларидан бири сифатида мамлакатдаги коррупцияга қарши жиддий кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзлари кўра, Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги Фатҳ ҳаракати чуқур ислоҳотларга муҳтож ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилдаги яҳудий кўчманчилар зўравонлигига қарши қатъийроқ чора кўриш шарт.
“Биринчи вазифа – халқ ишончини қайта қўлга киритиш. Биз бу ишончни йўқотганмиз – буни тан олишга жасоратимиз етиши керак. Ундан маҳрум бўлган ҳолда, очиғини айтсам, ҳамма нарса бефойда”, деди Қудва.
Қудва 2021 йилда Ғарбий соҳилни тарк этган эди, чунки у Фатҳдан чиқарилган, сабаби эса у Маҳмуд Аббосга қарши ўз сайлов рўйхатини тузиб, мустақил равишда қатнашишга қарор қилгани эди. Аббос кейинчалик сайловларни бекор қилган.
89 ёшли Аббос ўтган ҳафта Қудвани Фатҳга қайтарди ва чиқариб юборилган аъзоларга амнистия эълон қилди.
Фаластин маъмурияти Ғазода роль учун ҳаракатни кучайтирмоқда
Қудванинг қайтиши, Фаластин маъмуриятига нисбатан янги босимлар авж олган бир пайтга тўғри келди – ундан узоқ йиллардан бери кутилган ислоҳотларни амалга ошириш ва 2007 йилдан бери ҲАМАС назоратида бўлган Ғазода яна роль ўйнаш кутилмоқда.
Ғазонинг келажакдаги бошқаруви масаласи Трамп уруш тугаганини эълон қилганидан сўнг яна кун тартибига чиқди. Кейинги босқичда ҲАМАС қуролсизланиши ва Ғазодаги ҳукмронлигини тугатиши талаб қилинмоқда.
Трампнинг таклифи аниқ тафсилотларга бой бўлмаса-да, унда халқаро назорат остидаги технократик Фаластин қўмитаси Ғазони бошқариши ва янги Фаластин полициясини қўллаб-қувватловчи халқаро куч жойлаштирилиши назарда тутилган.
Трамп режалари қандай шакл олишига қараб, таҳлилчиларнинг айтишича, Қудва бу жараёнда роль ўйнаши мумкин – унинг араб давлатлари билан алоқалари, ҲАМАС билан контактлари, Арофатнинг жияни сифатидаги обрўси ва Ғазодан чиққани (у Хан Юнуста туғилган) бундай эҳтимолни оширади.
“Агар мен керак бўлсам, ҳеч иккиланмайман”, деди 72 ёшли Қудва.
ҲАМАСни сиёсий ўзгаришга чорлаш
Қудванинг фикрларига кўра, ҲАМАС Ғазонинг маъмурий ва хавфсизлик назоратидан воз кечиб, ўз қуролларини янги бошқарув органи ихтиёрига топшириши лозим. ҲАМАС ҳукуматда иштирок этмасликка тайёрлигини билдирган, аммо қуролсизланишни рад этган.
“Улар учун сиёсий партияга айланиш сари йўл очиқ бўлиши керак”, дейди Қудва.
Унинг сўзларича, Ғазодаги мавжуд Фаластин маъмурияти ресурслари янги полиция кучлари учун фойдаланилиши мумкин, шунингдек, ҳозирги Ғазо полицияси ҳам текширувдан ўтказилиб, ишга жалб этилиши мумкин.
“ҲАМАС тушуниши керакки, ҳеч ким уларнинг изидан тушмаяпти, айрим ходимлар яна бир имкониятга эга бўлади, улар ўлдирилмайди, уларга сиёсий ҳаётда қатнашиш имконияти берилади”, деди Қудва.
У Ғазони бошқариш учун фаластинликлардан иборат “комиссарлар кенгаши” тузилиши мумкинлигини айтди. Аббос унинг раҳбарини тайинлаши, шу орқали Ғарбий соҳил ва Ғазо ўртасида боғланиш сақланиши мумкин. Бироқ Қудва “Фаластин маъмуриятининг ҳозирги шаклда Ғазога қайтиб ҳукмронлик қилиши”ни назарда тутмаётганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, халқаро назорат “яхши” бўлиши мумкин, аммо Ғазони фақат фаластинликлар бошқариши ва улар сайлов ўтказиш имконига эга бўлиши шарт. У ерда охирги сайлов 2006 йилда бўлиб ўтган.
Қудва тилга олган коррупция тафсилотларини ошкор қилмади, аммо унинг қай даражада кенг тарқалганидан “ҳайратда қолганини” айтди. Фаластинликлар орасида ўтказилган сўровлар Фаластин маъмуриятининг кенг маънода коррупциялашган тузилма сифатида қабул қилинишини кўрсатган.
Сиёсий таҳлилчи Ҳаний ал-Масрийнинг айтишича, Қудва Ғазода муайян роль ўйнаши мумкин, аммо аввало фаластинлик сиёсий гуруҳлар бир йўлда келишиб олиши керак.
“Ҳеч бир шахс консенсуссиз муваффақиятли роль ўйнай олмайди. Чақириқлар катта. Энг муҳими – Исроил. Чунки у Фаластин маъмуриятининг Ғазога қайтишини истамайди”, деди у.
Live
Барчаси