Ғазо ва Ливандаги фожиани оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз – Мирзиёев
Жамият
−
24 Октябрь
3046Ўзбекистон Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 24 октябрь куни Қозонда бўлиб ўтаётган “BRICS плюс” форматидаги саммитда сўз очди.
“Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда.
Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деди Мирзиёев.
Унинг айтишича, бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир.
Шунингдек, Мирзиёев саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистонга қаратди.
“Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида гапирганда, Афғонистон муаммосини четлаб ўтиш мумкин эмас. Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Бундан ташқари, Мирзиёев BRICS маконида халқаро терроризм билан боғлиқ хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалалари, ҳеч шубҳасиз, шерикликнинг устувор йўналиши бўлиб қолишини қайд этган.
“Радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур”, деган Президент.
Маълумот учун, 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида Россия Федерациясининг ассоциацияга раислигининг муҳим воқеаси бўлган BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни BRICS саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозонга етиб борганди. У саммит доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф билан учрашув ўтказганди. Мирзиёев, шунингдек, Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувдан сўнг Ўзбекистон раҳбарини Татаристон Республикасининг давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мукофотни Татаристон Раиси Рустам Миннихонов тантанали равишда топширди.
LiveБарчаси