Мирзиёев Қозонда Моди билан учрашди
Жамият
−
23 Октябрь
3101Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 октябрь куни Қозон шаҳрига ташрифи доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Юқори технологиялар, сунъий интеллект, саноат, энергетика, фармацевтика, транспорт коммуникациялари бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастур қабул қилишга келишиб олинди.
"Мамлакатларимизда Маданият ва кино кунларини, тиббиёт ва спорт соҳаларида ҳамда ёшлар иштирокида, шу жумладан ёшларнинг парламент ташкилотлари доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш таклифи билдирилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилган.
Маълумот учун, Мирзиёев ва Моди охирги марта ўтган йилнинг 1 декабрь куни Дубайда учрашган. Бунгача эса улар 2022 йил 16 сентябрь куни Моди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқандга келганида учрашув ўтказган. Мирзиёев 2018 ва 2019 йилларда Ҳиндистонга борган. Бунгача у Моди билан ШҲТ саммитлари доирасида учрашув ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев бугун, 23 октябрь куни BRICS саммитида қатнашиш учун Қозонга етиб борганди. Моди ҳам шу саммитда иштирок этмоқда.
22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида Россия Федерациясининг ассоциацияга раислигининг муҳим воқеаси бўлган BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Қозонга борган хорижий етакчилар орасида, хусусан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса ҳам бор.
LiveБарчаси