Ғазо секторидаги Қизил Ярим Ой штаб-квартираси ўққа тутилди
Олам
−
26 Декабрь 2023
3170Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги Фаластин Қизил Ярим Ой Жамиятининг қароргоҳи ўққа тутилиши оқибатида бир неча киши яраланган. Бу ҳақда гуманитар ташкилотнинг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинди.
“Хон-Юнусдаги Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти қароргоҳининг юқори қаватлари артиллериядан ўққа тутилди ва бир неча вақтинчалик кўчирилганлар яраланди”, дейилади хабарда.
Ташкилотга кўра, бинода минглаб қочқинлар бўлган.
WAFA ахборот агентлигининг хабар беришича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 25 декабрь оқшомидан бошлаб Хон Юнуснинг турли ҳудудларига, жумладан Носир шифохонаси атрофига ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда. Тиббий манбаларнинг маълум қилишича, ҳужумлар оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил армиясининг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳри учун жанглари бир неча ой давом этиши мумкинлиги айтилганди. Исроилнинг Ғазо сектори марказидаги Ал-Мағози қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумида камида 70 киши ҳалок бўлди. ҲАМАС Ғазо секторида Исроил махсус кучлари отряди йўналишидаги туннелни портлатиб юборганини маълум қилди.