“Гарри Поттер” ота бўлди
Маданият-санъат
−
27 Апрель 2023
8834Британиялик ёзувчи Жоан Роулингнинг дунёга машҳур китоби асосида суратга олинган Гарри Поттер ҳақидаги фильмларда бош қаҳрамонни гавдалантирган Дэниел Рэдклифф илк бор ота бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Кеча, 26 апрель куни актёрнинг вакили Дэниел Рэдклифф ва актриса Эрин Дарк биринчи фарзандли бўлганини тасдиқлаган. Лекин ҳозирча боланинг жинси ва туғилган санаси ошкор этилмаган.
"Гарри Поттер" юлдузи ва 38 ёшли Дарк 2013 йилда “Kill your Darlings” драмасини суратга олиш пайтида биринчи марта учрашган. 2016 йилда эса улар "Don't Think Twice" драмасида яна бирга ишлаган. Яқинда Дарк Рэдклиффнинг "Мўжизакорлар" сериясининг бир нечта эпизодларида ҳам пайдо бўлган.
“Мен фарзандларимнинг (улар қачондир бўлганида) кино суратга олиш жойларида бўлишларини истардим. Кино суратга олиш масканлари ажойиб жойлардир. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам шон-шуҳратга берилишдан қочиш керак”, деган актёр олдинги интервьюларидан бирида.
Ҳозирда 33 ёшда бўлган Рэдклифф 12 ёшлигида Ж.Роулингнинг хаёлий қаҳрамони, етим қолган сеҳргар Гарри Поттер образи билан миллионлаб томошабинлар меҳрини қозонган. У 2001 йилги "Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши" фильмидан сўнг шу франшиза асосида олинган яна етти кинода бош қаҳрамонни гавдалантирган.