Гарри Поттернинг таёқчаси устидан даъво очилди
Олам
−
13 Октябрь 2023
10168АҚШда Гарри Поттернинг таёқчасидан яраланган боланинг онаси Warner Bros. киностудиясига қарши судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри хабар берди.
Гап шундаки, бутун дунёга машҳур фильмнинг асосий қаҳрамони Гарри Поттерга тегишли таёқчанинг нусхалари аллақачон болалар ўйинчоғи шаклида сотувга қўйилган.
АҚШда истиқомат қилувчи Жессика Перри эса дўкондан учида кичик лампочка ўрнатилган ушбу таёқнинг нусхасини сотиб олган ва кичкинтойларига совға қилган. Уларнинг каттаси таёқчани силкитганида, ўйинчоқнинг металл қисми учиб чиқиб, кенжа ўғлининг кўзини яралаган.
Онанинг сўзларига кўра, бу оғир шикастланишга олиб келди - уч ёшли боланинг тўр пардаси йиртилиб, кўз ичи суюқлигининг бир қисми чиқиб кетган ва бола бир нечта операцияларни бошидан ўтказган.
Перрининг даъвосига кўра, бола нафақат оғриқли даволанишни, балки психологик реабилитацияни ҳам бошдан кечирган - у қоронғида ухлашдан жуда қўрқади. Бундан ташқари, у фарзандининг фаол спорт билан шуғуллана олмаслигини ҳам айтган.
Энди Перри киностудияни судга бериб, камида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули ундирмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, фильмнинг ихлосмандлари учун Англиянинг Йорк шаҳридаги уйлардан бири “Гарри Поттер” услубида безатилиб, ижарага берилганди.
LiveБарчаси