Ғарб ва Шарқ мувозанати: Иорданиянинг фаластинлик қироличаси Рания
Бу қизиқ
−
27 Август 8862 9 дақиқа
Хабарингиз бор, Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 25-26 август кунлари Самарқандга ташрифини амалга оширди. Ташриф дастури якунлангач, подшоҳ Қозоғистонга жўнаб кетди. Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда табиий ресурсларга бой бўлмаган, аммо геосиёсий жиҳатдан аҳамияти катта ва қўшни араб давлатларига нисбатан тинч ҳамда сиёсий барқарор ушбу давлатнинг подшоҳидан кўра қироличаси машҳурроқ эканини биласизми? Минтақада ва халқаро миқёсда жуда машҳур қиролича Рания ал-Абдуллоҳ ҳақида нималар маълум ва унинг ҳаммага ёқиш сири нимада? Мазкур мақолада бир нечта аёлга уйланиш одатига эга монарх оиласи аъзосини фақат бир марта турмуш қуришга кўндирган ва буни мамлакат бўйлаб нормага айлантирган қиролича ҳақида сўз боради.
Саддам Ҳусайн бошлаган уруш туфайли кўчишга мажбур бўлган бўлажак қиролича

Оддий фаластинлик оилада туғилган бўлажак қиролича бошқа мавқедошлари каби эмас. У ўқитувчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мода тимсоли ва ижтимоий тармоқ юлдузи бўлиб, араб дунёсидаги энг муҳим шахслардан биридир. Раниянинг қироличалик фаолияти Иорданияни қочқинларга ёрдам, ёшларга имконият яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида дунё миқёсида юқори поғонага олиб чиқди. У қиролнинг ягона турмуш ўртоғи, кўп фарзандли она ҳамда турли хайрия фондлари раҳбари ҳисобланади. Ўз ҳаёти мисолида Рания мусулмон аёллари билимли, истеъдодли ва мукаммал дид соҳибаси эканини исботлади.
Рания 1970 йилда Қувайт пойтахтида педиатр бўлиб ишлаётган фаластинлик шифокор Фейсал Сидки Аль-Ясин оиласида дунёга келган. Унинг онаси Илҳам эса Раниядан ташқари яна бир ўғил ва қиз фарзандга ғамхўрлик қилувчи уй бекаси эди. Таълим олиш ва илмли бўлиш муҳимлигини эрта тушунган бўлажак қиролича мактабни тугатгач, хориждаги таълим муассасаларида ўқишни давом эттиради. У Қувайтдаги “New English School” мактабида ўқиб, 1988 йилда уни тамомлади. 1991 йилда эса Қоҳирадаги Америка университетида бизнес бошқаруви бўйича диплом олади.
Гўзал қиёфаси туфайли у моделлик агентликларининг эътиборини тортган, аммо Рания муваффақиятни ақли билан қозонишни хоҳларди, гўзаллиги билан эмас. Университетни битиргач, у Қувайтга қайтишни режалаштиради, бироқ 1990 йил августида Саддам ҳукмронлигидаги Ироқнинг Қувайтга бостириб кириши билан бошланган биринчи Форс кўрфази уруши бунга тўсқинлик қилади. Маҳаллий фаластинликлар ироқликларга ёрдам берганликда айбланади. Оқибатда Рания ва унинг оиласи Иорданиянинг Амман шаҳрига кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

У Apple компаниясининг маҳаллий бўлимига ишга киради. Рания эркин фикрли бўлса-да, мамлакат урф-одатларига ҳурмат билан қарар, бироқ ҳижоб киймасди. Шу сабабли, атрофдагилар, айниқса эркаклар ундан бироз узоқ юрарди. Бунга қарамай, Рания тез орада ишида муваффақият қозонади. Аммо унга юқори лавозимлар берилмайди. Орадан вақт ўтиб, 22 ёшли Рания Citibank'нинг Аммандаги ваколатхонасининг маркетинг бўлимига ишга ўтади. Бу эса ўша пайтда шаҳзода Абдулланинг синглиси ва куёвига тегишли филиал эди. Унинг ҳаётини бутунлай ўзгартирган танишув айнан шу ерда содир бўлган.
Фаластинлик қизнинг бўлажак подшоҳ билан танишуви

Абдулла ва Раниянинг учрашув тафсилотлари турлича талқин қилинади. Айрим манбалар уларнинг Citibank'да танишганини айтади. Бироқ ишончли маълумотларга кўра, уларни шаҳзода Абдулланинг синглиси Ойша дўстлар ва ҳамкасблар учун уюштирилган кечки овқатда таништирган. Ойша ёш қизнинг ақл-заковати ва покизалигидан ҳайратда қолган, уни яхши ходим сифатида қадрлаган ва акаси билан таништиришга қарор қилган.
Абдулла ўша пайтда танк баталёнини бошқариб, чўлда машғулот ўтказаётган эди. Бир куни синглисининг таклифига биноан кечки овқатга ташриф буюриб, илк марта Ранияни кўради ва унга ошиқ бўлади. Аввалига Рания Яқин Шарқдаги энг қудратли шахслар қаторидаги подшоҳ Ҳусайннинг ўғли билан суҳбатда ўзини ноқулай ҳис қиларди. Лекин оддий суҳбатлар бора-бора ноодатий учрашувларга уланиб кетади. Танишларининг айтишича, Абдулла оддий фаластинлик қизнинг осойишта ҳаётини бузган, аммо Рания шаҳзоданинг ортиқча жўшқин табиатини бироз жиловлаган.
Кўп ўтмай, шаҳзода анъанага мувофиқ севгилисига совчи қўяди. Абдулла подшоҳ отаси билан Раниянинг уйига бориб, оддий педиатр Фейсал Сидки Ал-Ясиндан қизининг қўлини сўрайди. Бу жуфтлик ҳеч қачон тахт ҳақида орзу қилмаган эди. Унаштирувдан олдин Рания куёвдан оддий ҳаёт кечиришга ваъда беришни сўрайди. Атрофидагиларининг таъкидлашича, уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳаёт бутунлай бошқача тус олишини тасаввур қилмаган эди.
Рания ва Абдулланинг тўйи

Абдулла подшоҳ Ҳусайннинг тўнғич ўғли бўлишига қарамай, валиаҳд шаҳзода эмас эди. Ҳусайн Абдулладан меросхўрлик унвонини олиб қўйиб, укаси шаҳзода Ҳасанни валиаҳд қилиб тайинлаган эди. Узоқ йиллар давомида Ҳасан тахтга тайёрланиб келган. Шунинг учун ҳам Абдулланинг подшоҳ бўлишига ҳеч ким умид боғламаган. Бироқ Абдулла ва Раниянинг тўйи 1993 йил 10 июнда шоҳона миқёсда ўтказилиб, ўша кун давлат байрами деб эълон қилинади. Тўй тадбири катталиги жиҳатидан Ғарб монархларининг маросимларидан қолишмасди. Раниянинг либоси ҳам унинг эркин ва мустақил қарашларини намоён этади. У маҳаллий анъанавий либосда эмас, балки бир пайтлар малика Диананинг гардеробини яратган британиялик дизайнер Брюс Олдфилд тиккан оқ либосда никоҳдан ўтган. Куёв эса тантанали ҳарбий либосда, орден-медалларга бурканган, ёнида маросим қиличи билан келган.
Подшоҳлик саройи томон...
Абдулла ва Рания илк фарзандига подшоҳ Ҳусайн шарафига унинг исмини қўяди, бу эса албатта қайнотани қувонтиради. Шу вақтдан бошлаб, подшоҳ кўпроқ ўғли ва келини билан вақт ўтказадиган бўлади ва Раниядан яхши қиролича чиқишига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилади. Икки йилдан сўнг, 1996 йил сентябрида Раниянинг қизи Иман туғилади.
Аммо бу қувончли воқеалар фонида подшоҳ Ҳусайннинг соғлиги тобора ёмонлашаётган эди. Валиаҳд шаҳзода Ҳасан тахтга чиқишга тайёргарлик кўраётган, рафиқаси эса саройни таъмирлаш режасини тузаётган эди. Аммо кутилмаганда подшоҳ меросхўрлик тартибини ўзгартиради. У валиаҳдликни укасидан олиб, катта ўғлига беради ва икки ҳафтадан сўнг, 64 ёшида саратон оқибатида вафот этади.

Кейинчалик Рания эрига бундай қарорни сезиб юрганини айтган. Чунки подшоҳ Ҳусайннинг ўғли Ҳасан билан муносабатлари совуқлашиб борар, Абдулла эса ҳарбий доираларда танилиб, Рания ҳам ижтимоий ва халқаро миқёсда тобора машҳур бўлиб борар эди. Бу ҳолни подшоҳ эътиборсиз қолдира олмади.
Отаси вафотидан сўнг Абдулла давлат раҳбари деб эълон қилинди ва подшоҳнинг вафотидан тўрт ой ўтиб, 1999 йил июнида расман тож кийди. Унинг рафиқаси, 28 ёшли фаластинлик Рания эса дунёдаги энг ёш қиролича бўлиб, ҳаммани ўзига мафтун этди.

Кейин улар расмий номи “қулай ҳаёт” деган маънони англатувчи Рағадан саройига кўчиб ўтади. Шундан сўнг, оилада яна икки фарзанд туғилган: 2000 йилда малика Салма, 2005 йилда эса шаҳзода Ҳошим. Кўп фарзандли она сифатида Рания фарзандлари улғайган сари улар ўртасидаги дўстлик кучайганини таъкидлаган. Уларнинг ёнида энагалар армияси эмас, балки фақат бир ёрдамчи ва ўқитувчи бўлишини истаган.
Қироличанинг ижтимоий фаолияти
Рания тахтга чиққани ҳақидаги хабарлар бутун дунёга ёйилган пайтда у аллақачон таълим, соғлиқни сақлаш ва туризмни ривожлантириш борасида ислоҳотларга ҳозирланаётган эди. Шунингдек, у Ғарб ва араб дунёси ўртасида маданий мулоқотни йўлга қўйишни орзу қилган.
Рания хайрия ишлари билан ҳам фаол шуғулланади. У 1995 йилда аёлларга иқтисодий ҳаётда иштирок этиш ва ўз бизнесини бошлаш имконини берувчи жамғарма тузади. Бундан ташқари, у болаларга нисбатан зўравонликка қарши кенг қамровли кампанияга бошчилик қилиб, жабрланганлар учун марказ ташкил этади.
Қиролича Рания Буюк Британиядаги Эксетер университетининг ҳуқуқ йўналиши бўйича фахрий докторлик унвонига эга. Бу унга “замонавий дунёда аёл ролини ошириш ва Европа-араб муносабатларини ривожлантиришдаги ҳиссаси учун” берилган. У ҳар йили ўтказиладиган халқаро марафончилар мусобақаси – “Чўл кубоги” ҳомийси ҳисобланади, шунингдек, ҳайвонларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. 2004 йилда Абдулла II Ранияга мамлакат Қуролли кучлари полковниги унвонини берган. Орадан тўрт йил ўтиб, у подшоҳ Ҳусайн номидаги шифохонада донорлик марказига ташриф буюриб, Ғазо секторида жароҳатланганлар учун қон топширган.
Раниянинг Ғарб ва Шарқни умумлаштирган кийиниш услуби
Фаластинлик гўзал қиролича кўп йиллардан бери араб дунёси ва Ғарб ўртасида муваффақиятли мувозанатни тутиб келмоқда. У ўзига хослигини йўқотмаган ҳолда чинакам қироличаларга хос қадр-қиммат билан намоён бўлади. Шу билан бирга, Ғарб билан очиқ мулоқотга тайёр эканини кўрсатади. У доимо рўмолсиз, аммо анъаналарни ҳурмат қилган ҳолда, узун юбка, кенг шим ва миллий нақшли либосларда кўринади. Рания расмий ижтимоий тармоқ саҳифасида Burberry, Chloe, Elie Saab, Givenchy, Roland Mouret каби севимли мода уйлари дизайнларида кўриниш беради. Шунингдек, Armani ва Prada брендларига ҳам устунлик беради. Унинг гардероби шарқона руҳ ва ғарбона тенденциялар уйғунлиги бўлиб, турли миллат вакилларига яқин кўринади. Қиролича жамоатчилик олдига баъзан жинсида ҳам чиқиши мумкин, айниқса Европа шаҳарларида бўлса.

2003 йилда Британиянинг “Hello” журнали ўтказган сўров натижаларига кўра, қиролича Рания дунёнинг энг нафис аёли деб эътироф этилган. Уни баъзан олмослар билан безатилган олтин туфлиларда ҳам кўриш мумкин. Аммо, асосан, унинг услуби соддароқ, нозик ва нафисдир. Рания кийим услуби ва ижтимоий фаолияти орқали мусулмон аёллар ҳаёти ҳақидаги стереотипларни бузишга интилади.
Испания ва Иордания қироличаларининг дўстлиги
Шуни таъкидлаш керакки, Иордания қироличаси Рания ва Испания қироличаси Летисия узоқ йиллардан бери дўст ва улар норасмий тарзда сайёранинг энг машҳур ва гўзал қироличалари деб аталади. Улар ташқи кўринишда ҳам ўхшаш: иккиси ҳам новча, қора кўзли, қўнғир сочли ва деярли тенгдош. Шунингдек, уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз касбий фаолиятлари давомида шаҳзодалар билан муносабат қурган, жумладан, Рания банк ходими бўлган бўлса, Летисия журналист эди. Улар дунёнинг энг замонавий қироличалари сифатида бир-бирига менгзалади.

Бироқ испан монархининг рафиқаси баъзан протоколни бузиб кийинади ва унинг либослари ҳамиша ҳам консерватив испан зодагонларига маъқул келавермайди. Баъзан қиролича Рания мухлислари Летисия унинг услубига тақлид қилади деган фикрни олға суради. Нима бўлганда ҳам, улар тез-тез энг жозибадор машҳурлар рейтингларида ёнма-ён тилга олинади.
Фарзандларининг чет элда ўқишини истайдиган қиролича

Раниянинг турмуш ўртоғи подшоҳ Абдулла II отасидан фарқли ўлароқ, фақат бир марта уйланган. Қиролича буни қандай уддалагани ҳақида кўплаб қизиқишлар мавжуд, аммо ҳеч ким бу ҳақда очиқ савол беришга журъат этмайди. У фарзандларини ўзи каби чет эл мактабларида таълим олишини таъминлаган. Шунингдек, у она сифатида фарзандлари билан вақт ўтказишни яхши кўрса-да, аёлнинг ҳаёти фақат эр ва меросхўрлар парваришига қаратилиши керак эмас, деб ҳисоблайди.
Раниянинг тўнғич ўғли 10 ёшида валиаҳд шаҳзода унвонини олган. У давлат ишларида анчагина тажриба орттирган, отаси йўқлигида эса регентлик вазифаларини аъло даражада бажаради. Малика Салма эса 19 ёшида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Иорданиянинг биринчи аёл учувчиси бўлди. Малика Иман от чопиш спортида катта муваффақиятларга эришган.
Live
Барчаси