Ғани рози. “Толибон”нинг 5000 нафар асири озодликка чиқади
Олам
−
09 Март 2020
9366Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани "Толибон" гуруҳининг 5000 нафар асирини озод қилишга ваъда берди. Бу ҳақда 1TV телеканали хабар қилди.
Тегишли фармон жорий йилнинг 10 март куни чиқарилиши кутулмоқда. Ғанининг сўзларига кўра, маҳбусларни озод этилиши гуруҳ томонидан мамлакатда зўравонликни камайтиришига ёрдам беради.
Маълумот учун, АҚШ ва "Толибон" 29 февраль куни Қатарда тинчлик шартномасини имзоладилар. Сулҳ Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқилиши ва афғонлараро мулоқот бошланишини кўзда тутади.
Шунингдек, сулҳда асирлар алмашинуви ҳақидаги банд ҳам бор. Шартномани ушбу бандига кўра, Афғонистон ҳукумати "Толибон"га тегишли 5000 нафар асирни, "Толибон" эса ҳукуматга тегишли 1000 нафар ҳарбийни озод қилиши керак. Бироқ, Афғонистон Президенти бу шартга кўнмади. Ғани, "Толибон" сулҳни фақат АҚШ билан имзолагани ва расмий Кобул бу сулҳ шартларини бажаришга мажбур эмаслигини айтганди.
Бунга жавобан, "Толибон" ҳаркати мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши ҳужумларини бошлаб юборди. Бунинг оқибатида 100 га яқин оддий аҳоли ва 27 нафар ҳукумат ҳарбийси ҳалок бўлди. Бу тўполонлар фонида Афғонистон вице-президенти Абдулла Абдуллага ҳам суиқасд уюштирилди. Кейинчалик, "ИШИД" террорчилик ҳаракати ҳукумат вакилига қилинган суиқасдни ўз бўйнига олди.
Шунингдек, АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини мамлакатдан 14 ой мобайнида олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олган. Бу вақт давомида Афғонистон ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати ўзаро сулҳ тузишлари кутилмоқда.