Францияда пенсия ислоҳоти: ва ниҳоят Макрон “тилга кирди”
Олам
−
21 Февраль 2023
8024Аввал хабар берганимиздек, Францияда 2030 йилгача пенсия ёшини 62 дан 64 гача ошириш тўғрисида қонун чиқарилиши ортидан бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари авж олган эди. Бугун, 21 февраль куни эса Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатда пенсия ёшини ошириш заруратини умр кўриш давомийлиги ва пенсионерлар сонини ошиши билан изоҳлади. Бу ҳақда Елисей саройининг Twitter саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, Макрон Париждан 13 км жанубда жойлашган Рунгис улгуржи бозори ходимлари билан учрашув ўтказган.
“Ҳозирда 20 йил олдингига қараганда камроқ ишчилар бор, пенсионерлар эса кўп, чунки узоқроқ яшаяпмиз. Биз бир хил пенсия ёшини сақлаб қолишимиз мумкин, деб айтиш нотўғри, бу иш бермайди”, деган Франция раҳбари.
Шунингдек, Макрон ислоҳот давлатни бойитишга ёрдам беришини таъкидлаган. Франция раҳбари одамлар ўрта ҳисобда бир оз кўпроқ ишлаши кераклигини тушинишини, акс ҳолда давлат пенсияларни тўғри молиялаштира олмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталарида Франция бош вазири Элизабет Борн 2030 йилгача пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтаришни назарда тутувчи ислоҳот лойиҳасини тақдим этган. Лойиҳа энг кам пенсия миқдорини 1,2 минг еврогача ошириш ва турли соҳаларда бир қатор махсус пенсия режимларини бекор қилишни назарда тутган. Ҳукуматнинг бу ташаббуси касаба уюшмаларининг эътирозига сабаб бўлиб, улар бунга қарши беш марта норозилик намойиши ўтказган.
Кейинчалик расмийлар айрим тоифадаги ишчиларга 63 ёшида пенсияга чиқиш имкониятини ўрганаётганини билдирган. Бундай янги нормалар 21 ёшга тўлмасдан меҳнат фаолиятини бошлаган ва камида 43 йил давомида пенсия тўловларини амалга оширган фуқароларга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, жорий йилнинг 31 январь куни Париж аҳолиси бир ой ичида иккинчи марта пенсия ислоҳотига қарши намойишга чиқди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси