Макрон Анқара кўчаларида тонгни югуриш билан бошлади (видео)
Олам
−
14:34 2614 2 дақиқа
Айни пайтда Франция Президенти Эммануэль Макрон НАТО саммитида иштирок этиш учун Туркияда бўлиб турибди. У бугун, 8 июль куни Анқарада тонгни югуриш билан бошлади. Туркия пойтахтидаги Сеғменлер боғида югуришга чиққан давлат раҳбари маҳаллий аҳоли билан саломлашиб ҳам ўтди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Маълум қилинишича, 36-НАТО давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити доирасида Анқарада бўлиб турган Макрон эрталаб хавфсизлик ходимлари ҳамроҳлигида Чанкая қароргоҳи атрофида югурган. Туркия ОАВлари тарқатган суратларда Франция Президенти йўлак бўйлаб оддий спорт либосида машқ қилаётгани акс этган.
Суратларга кўра, Макрон тўқ кўк рангли Le Coq Sportif спорт футболкасини кийган. Ушбу бренд Франция миллий олимпия терма жамоасининг расмий спорт кийимлари ҳамкори ҳисобланади. Бундай футболканинг чакана нархи моделга қараб тахминан 50–90 евро (тахминан 750 минг – 1,35 млн сўм) атрофида баҳоланади.
Президентнинг оёғида эса HOKA югуриш пойабзали кўринади. Дизайнига қараганда, у бренднинг машҳур моделларидан бири бўлиши мумкин. Бу тоифадаги HOKA кроссовкалари халқаро бозорда одатда 150–190 евро (тахминан 2,3–3 млн сўм) нархда сотилади.
Шунингдек, Макрон спорт машғулотлари пайтида қуёш кўзойнаги таққан, соати эса GPS-функцияли спорт соатига ўхшайди. Бироқ суратлардан унинг аниқ модели ёки брендини тасдиқлаш имкони йўқ.
Франция Президентининг югуришга бўлган қизиқиши аввал ҳам бир неча бор эътибор марказида бўлган. Анқарадаги бу галги югуриш ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Айрим фойдаланувчилар Франция Президентининг оддий спорт услубини мақтаган бўлса, бошқалар хавфсизлик чоралари остида шаҳар кўчаларида югурганига эътибор қаратди.
Live
Барчаси