Францияда 2 та трамвай тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
11 Январь
1422Франциянинг Страсбург шаҳри марказий станциясида икки трамвай тўқнашиб кетиши оқибатида камида 30 киши жароҳат олди. Ҳодиса пайтида станция ичига тутун тўлган ва йўловчиларнинг ваҳимали қичқириқлари эшитилган. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.
Воқеа жойидан олинган видеоларда йўловчилар трамвайнинг эшикларини бузиб, ичкаридан одамларни олиб чиқишга уринаётгани акс этган. Трамвайлар платформада бир-бирига урилган ҳолатда, уларнинг олд ва орқа қисмлари жиддий шикастланган.
Ҳодиса оқибатида бир трамвайнинг рельсдан чиқиб кетгани айтилмоқда. Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса бир трамвай нотўғри рельсга ўтиб кетиши оқибатида юзага келган бўлиши мумкин.
“Страсбург марказий бекатида трамвай ҳалокати содир бўлди. Кўплаб қутқарув хизматлари сафарбар этилган”, дейилади ёнғин ва қутқарув хизмати баёнотида.
Полиция ҳодисадан сўнг марказий станциядаги трамвай қатнови тўхтатилганини эълон қилган. Маҳаллий ҳукумат томонидан ҳодиса юзасидан тергов бошланган. Ҳозирда қутқарув операциялари давом этмоқда, жабрланганлар орасида бир неча кишининг аҳволи оғир экани ҳақида маълумотлар бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Мурманск вилояти жанубида йўловчи поезди юк поезди билан тўқнашиб кетган эди. Ҳодиса Мурманск – Санкт-Петербург йўналишида ҳаракатланган икки қаватли йўловчи поезди иштирокида содир бўлган.
LiveБарчаси