Россияда 2 поезд тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
20:38
3228Россиянинг Мурманск вилояти жанубида йўловчи поезди юк поезди билан тўқнашди. Бу ҳақда Россия Шимоли-ғарб транспорт прокуратураси хабар берди.
Вилоят губернатори Андрей Чибис воқеа жойига қутқарувчилар юборилганини маълум қилган. Чибиснинг сўзларига кўра, ҳодиса Мурманск – Санкт-Петербург йўналишида ҳаракатланган икки қаватли йўловчи поезди иштирокида содир бўлган. Тўқнашув Кандалакша туманидаги Княжая станциясида рўй берган.
“Воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилмоқда. Ҳолатни шахсан назоратимга олдим”, дейди Чибис.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса жойига еттита тез ёрдам бригадаси етиб борган, йўловчиларни вақтинчалик жойлаштириш учун тайёргарлик ишлари бошланган.
Россия темир йўллари вакилларига кўра, йўловчи поезди станцияга кираётган вақтда поездларнинг ён томонлари тўқнашган. Оқибатда йўловчи поездининг учта ва юк поездининг бир нечта вагони рельсдан чиқиб кетган.
“Воқеа оқибатларини бартараф этиш учун Кандалакша ва Кемь станцияларидан тиклов поездлари юборилди. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда”, дейилади хабарда.
ТАСС маълумотларига кўра, йўловчи поездида жами 326 киши бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 8 киши жароҳатланган, улардан бири эса оғир аҳволда.
“Ҳодиса аввалида бизга кимдир стоп-кранни босганини айтишди. Тўқнашувдан сўнг кирган қўшни вагонда шифт қулаб тушган, эшикларнинг ҳаммаси синдирилган эди. Бизнинг вагонимиз эса бутунлай эгилган, буюмларни олиб чиқишнинг имкони йўқ. Бир неча кишини олиб чиқишаётганини кўрдим”, деди поезд йўловчиси Юлия.
Поездлар тўқнашуви бўйича Ғарбий транспорт тергов бошқармаси жиноят иши қўзғатган. Иш темир йўл транспорти ҳаракати ва эксплуатацияси хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддасига биноан кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегияда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 4 киши тан жароҳати олганди.
LiveБарчаси