Франция Зидан билан музокараларни бошлади – манба
Спорт
−
18 Январь 1410 2 дақиқа
Франция футбол федерацияси (ФФФ) Жаҳон чемпионатидан сўнг лавозимини тарк этадиган Дидье Дешамнинг ўрнини эгаллаш учун асосий номзод Зинедин Зидан билан расмий музокараларни бошлади. Бу ҳақда “L’Équipe” нашри хабар беради.
Манбага кўра, дастлаб ФФФ музокараларда 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун янги бош мураббий тайинланиши таклиф қилинган, аммо федерация президенти Филипп Диалло Дешам ва унинг штабини безовта қилмаслик учун қарорни турнир охиригача кечиктиришни маълум қилган.
Бироқ шунга қарамай федерация саҳна ортида Жаҳон чемпионати тугашини кутмай, масалани чуқурроқ ўрганмоқда. Манбага кўра, федерация аллақачон Зинедин Зидан билан музокараларни бошлаган.
Маълумотларга кўра, ФФФ ва Зиданнинг атрофидагилари унинг потенциал мураббийлар штаби таркиби бўйича келишишни бошлаган. Агар ҳеч қандай кутилмаган ҳолат юз бермаса, Зиданинг “Реал Мадрид”даги ёрдамчиси Давид Беттони штабга қўшилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Зидан маълумотларни таҳлил қилиш бўлимини ҳам ўз ичига олган кенгайтирилган мутахассислар гуруҳи билан ишлашни истамоқда. Ҳозирча бошқа номлар тилга олинмаган. Бу амбициялар федерация позициясига мос келиши зарур, чунки улар миллий терма жамоанинг мураббийлик бюджетини сезиларли оширишни истамайди.
Шунингдек, ФФФ вакиллари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилаётганликларини ва Зиданнинг миллий терма жамоанинг кейинги бош мураббийи бўлишига ҳали кафолат йўқлигини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зинедин Зидан Франция терма жамоасини бошқариш эҳтимоли сабабли “Реал Мадрид” таклифини рад этган эди.