Франция элчиси Нигердан бош олиб кетди
Олам
−
27 Сентябрь 2023
4679Франциянинг Ниамейдаги элчиси Сильвен Итте ниҳоят Нигерни тарк этди. Бу ҳақда Франциянинг RFI радиоси хабар берди.
Нигердаги ҳарбий маъмурият унинг мамлакатни 48 соат ичида тарк этишини талаб қилиб, ультиматум қўйганидан сўнг, дипломат шундай қарорга келган. Элчи Итте бугун, 27 сентябрь куни эрталаб Ниамейдаги самолётга чиқиб, Чад пойтахти Нжаменага йўл олган.
Нжаменадан самолётда Парижга қайтадиган Итте яқин соатларда Францияга етиб бориши кутилмоқда.
Маълумот учун, Нигерда жорий йилнинг 26 июлида ҳокимият тепасига келган ҳарбий маъмурият 25 август куни Франция элчиси Иттага мамлакатни тарк этиши учун 48 соат муҳлат берган, бироқ дипломат бу талабни бажаришдан бош тортган.
Расмий Париж “ҳарбий хунта француз элчисининг кетишини талаб қилишга ҳаққи йўқ” эканини айтса, Франция Президенти Эммануэль Макрон 15 сентябрда элчи Итте “гаровга олингани” ва элчихонага озиқ-овқат етказиб берилмаётганини билдирган.
25 сентябрь куни эса Макрон Нигердаги элчиси Францияга қайтишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эммануэль Макрон Франция 2023 йил охиригача ўз қўшинларини Нигердан олиб чиқиб кетишини маълум қилганди.
LiveБарчаси