Франция Дуровга қўйилган чекловларни бекор қилди
Олам
−
13 Ноябрь 2025 1652 2 дақиқа
Франция ҳукумати тадбиркор Павел Дуровга нисбатан ҳаракатланиш бўйича барча чекловларни тўлиқ бекор қилди. Қарор жорий йилнинг 10 ноябрь куни қабул қилинган. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Манбага кўра, Дуров “суд назорати талабларига тўлиқ риоя қилган” ва уч марта сўроқ қилинган. Эндиликда у Франциядан бемалол чиқиб кетиши мумкин ва маҳаллий полиция бўлимида мунтазам рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, Дуров ўтган йил август ойида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. Дастлаб унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланганди, бу йил июнь ойида эса чекловлар юмшатилиб, тадбиркорга Дубайга бориш рухсат этилган.
У Telegram’да контентни етарли даражада модереация қилмаслик ва Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликдан бош тортиш билан боғлиқ тергов доирасида ҳибсга олинган. Дуровга терроризм, наркотиклар, фирибгарлик ва болаларга қарши жиноятлар билан боғлиқ айбловлар қўйилиши мумкин.
Дуров эса платформа фойдаланувчилари томонидан содир этилган жиноятлар учун ўзини айблашни мантиқсиз деб ҳисоблашини билдирган.
“Йирик платформа раҳбарининг фойдаланувчилар ҳаракати учун ҳибсга олиниши нафақат мислсиз, балки ҳуқуқий ва мантиқий жиҳатдан ҳам бемаъниликдир. Орадан бир йил ўтган бўлса-да, мен ёки Telegram томонидан бирон-бир нотўғри иш содир этилганини исботловчи далил топа олишмади”, деган у.
2024 йил декабрь ойидаги сўроқ вақтида Дуров полицияга Telegram’га қарши илгари сурилган айбловларнинг жиддийлигини “тўлиқ англаганини” билдирган ва мессенжер “жиноятчилар учун яратилмаганини” айтган. У, шунингдек, Telegram’даги бундай фойдаланувчилар улуши бироз ошганини тан олиб, бунинг учун қўшимча чоралар кўриш зарурлигини айтган.
“Bloomberg” маълумотига кўра, Дуровнинг бойлиги 14,7 миллиард долларга етган – бу йил бошидан бери эса у 3,71 миллиард долларга ошган. У “Bloomberg” миллиардерлар рейтингида 196-ўринда туради.
Live
Барчаси