Франция Арманистонни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди

Олам

image

Бош вазир Никол Пашинян 28 ноябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Делегация билан биргаликда Арцахдаги арманлар учун Франциядан гуманитар ёрдам ҳам етиб келган. Бу ҳақда Арманистон Бош вазирининг Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Давлат котиби Лемуан билан учрашувда Бош вазир Франция Президенти Эммануэль Макрон билан алоқаларни юқори баҳолади ва Арцах арманларига гуманитар ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди. “Биз дўстимиз Франциядан Тоғли Қорабоғдаги вазиятни халқаро ҳамжамиятга тўғри тақдим этгани ва инсонпарварлик ёрдами учун миннатдормиз”, дейди Никол Пашинян.

Давлат котиби Лемуаннинг таъкидлашича, арман-француз дўстона муносабатлари руҳига мувофиқ Франция президенти Арцах арманларига изчил гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаган. Шу мақсадда Франция аллақачон иккинчи гуманитар миссияни ҳам юбораётганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Франция Озарбайжон назорати остига ўтган Арманистоннинг диний, тарихий ва маданий меросини сақлашга ҳисса қўшишга тайёр.

Шундан сўнг, Бош вазир Пашинян Арцахдаги арманлар учун Франциядан юборилган инсонпарварлик ёрдамини кузатиб борувчи делегация аъзолари билан учрашди.

Никол Пашинян делегация аъзоларини қутлар экан, қуйидагиларни таъкидлади: 

“Азиз ҳамкасблар, мен сизлардан келган ёрдамни жуда қадрлайман. Биз ҳар доим дўст Франциянинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб келганмиз. Ушбу ёрдам учун сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Албатта, ҳозир биз қийин пайтларни бошдан кечирмоқдамиз ва дўстларимиз, ватандошларимиз кўмаги билан Арманистон ва Арцах бу қийин вазиятдан чиқиб кетишига ишонаман”.

Жан-Батист Лемуан Бош вазирга самимий сўзлар учун миннатдорлик билдирди ва делегация таркибига киритилган давлат, халқаро гуманитар, хусусий ташкилотлар, Франциянинг арман жамоатчилиги, шу жумладан, хайрихоҳлик элчиси Юрий Жоркаэфф, шунингдек “Азнавур” фонди раҳбариятини таништирди.

Бош вазир делегация аъзоларига амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирган ва унинг саломи ҳамда миннатдорчилик сўзларини Франция Президенти Эммануэль Макронга етказишни сўраган.

Маълумот учун, Франция Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга масъул бўлган ЕХҲТнинг Минск гуруҳи аъзоси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция сенати ҳукуматни Тоғли Қорабоғни тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Лойиҳани 305 нафар сенатор қўллаб-қувватлаган, фақатгина Жан-Батист Лемуан қарши бўлган. У бу лойиҳага қарши бўлган ва Тоғли Қорабоғ Республикасини бир томонлама тан олиш ҳеч кимга наф келтирмаслигини айтган.

Ўз навбатида Озарбайжон бу резолюцияни фойдасиз қоғоз парчаси, деб баҳолади. Шу билан бирга, расмий Баку Франция элчисига нота топширди

Кейинчалик,  Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси мамлакат Ҳукуматига Францияни Минск гуруҳи ҳамраислигидан чиқариб юбориш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига мурожаат қилишни таклиф этди. Ушбу таклиф ҳақида Миллий Мажлиснинг 26 ноябрь куни Франция Сенатининг Ҳукуматни Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишга чақирган резолюциясига жавобан қабул қилинган баёнотда сўз борган

Шундан сўнг, Франция Ҳукумати ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. 

“[Сенатда] овоз беришидан олдин ўтказилган баҳсда Туризм бўйича давлат котиби Жан-Батист Лемуан бу масала юзасидан Франция Ҳукуматининг позициясини эслатди: Франция Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олмайди”, деган манба.

Шунингдек, Франция Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ ва 9 ноябрда имзоланган уч томонлама баёнотда қайд этилмаган масалаларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи доирасида ҳал қилиш кераклигини айтган.

Умиджон Нозимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Франция Минск Европа Озарбайжон Сенат Баку Никол Пашинян Арманистон Жан-Батист Лемуан ЕХҲТ Эммануэль Макрон Бош вазир Тоғли Қорабоғ Минск гуруҳи Миллий Мажлис Азнавур Арцах Франция Ҳукумати Юрий Жоркаэфф

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг