Озарбайжон Франция Сенатининг Қорабоғ ҳақидаги резолюциясига муносабат билдирди
Олам
−
26 Ноябрь 2020
7641Озарбайжон Франция парламентининг Сенати ишлаб чиққан ҳамда мамлакат Ҳукуматига Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишни тавсия қилувчи резолюцияни расмий ҳужжат деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Хожиев маълум қилди.
“Энг аввало шуни таъкидлаш керакки, бу резолюция Озарбайжон учун оддий қоғоздан бошқа нарса эмас. Бу ҳужжат тор сиёсий манфаатлар учун қабул қилинган”, деган Хожиев.
Унинг таъкидлашича, қабул қилинган ҳужжат Минск гуруҳининг ҳамраиси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Франциянинг ниятлари ва объектив фаолияти тўғрисида жиддий саволлар туғдиради.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам ушбу резолюцияга муносабат билдириб, Франция Ҳукуматидан Тоғли Қорабоғни тан олишни сўраган.
Аввалроқ, Франция Сенати Ҳукуматни Тоғли Қорабоғни тан олишга чақирувчи резолюция қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда сенаторлар минтақадаги фуқароларга кенг кўламли гуманитар ёрдам беришни ҳам сўраган.
LiveБарчаси