Финляндия Президенти Ўзбекистонга келади
Олам
−
18 Октябрь 3398 1 дақиқа
Жорий йилнинг 30-31 октябрь кунлари Финляндия Президенти Александр Стубб Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Финляндия раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида 31 октябрь куни Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув бўлиб ўтади. Суҳбат чоғида томонлар Финляндия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий вазият, Россиянинг Украинага қарши ҳаракати, шунингдек, кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Ташриф давомида Президент Стубб бизнес семинарида иштирок этади, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқийди ҳамда ташқи сиёсат бўйича мутахассислар билан учрашади.
Президент делегацияси таркибида парламент аъзоси ва Финляндия–Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси Вилле Скиннари ҳамда Финляндия савдо ва саноат вакиллари бўлади.
Маълумот учун, сўнгги бор 1992 йилда Финляндия президентларидан Мауно Койвисто Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финляндия Президенти Александр Стубб билан телефон орқали мулоқот қилганди.
Live
Барчаси