FIFA Фаластин футболини ривожлантириш учун катта пул ажратади (видео)
Спорт
−
10:38 623 2 дақиқа
FIFA урушдан жиддий зарар кўрган Ғазони тиклаш жараёнига ҳисса қўшиш мақсадида 70 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратишини эълон қилди. Бу ҳақда FIFA президенти Жанни Инфантино Дональд Трамп ташаббуси билан Вашингтонда ўтказилган “Тинчлик кенгаши”нинг илк йиғилишида маълум қилди.
Лойиҳа FIFA ва “Тинчлик кенгаши” ўртасидаги қўшма ташаббус бўлиб, Ғазо ҳудудида футбол инфратузилмасини тиклаш ва ривожлантиришни назарда тутади. Режага кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш оқибатида вайрон бўлган ҳудудларда қатор спорт иншоотлари барпо этилади.
Таклиф этилаётган инвестициялар:
- 50 та мини-майдон – 2,5 миллион АҚШ доллари
- 5 та тўлиқ ўлчамли стадион майдони – 5 миллион АҚШ доллари
- FIFA академияси – 15 миллион АҚШ доллари
- 20–25 минг ўринли миллий стадион – 50 миллион АҚШ доллари
Йиғилиш давомида сунъий интеллект ёрдамида яратилган видеоролик намойиш этилди. Унда Ғазо вайроналари ўрнида замонавий футбол майдонлари ва иншоотлари қад ростлаётгани тасвирланган.
FIFA ва “Тинчлик кенгаши” вакилларига кўра, ташаббуснинг мақсади – “футболни тинчлик, қадр-қиммат ва умидга элтувчи кўприкка айлантириш” ҳамда ҳудудда тўлиқ футбол экотизимини шакллантиришдир.
Маълум қилинишича, мини-майдонлар қурилиши дастлабки босқич бўлиб, 3–6 ой ичида амалга оширилиши режалаштирилган. 20 минг ўринли миллий стадион эса 18–36 ой муддатда барпо этилиши кўзда тутилган. FIFA ушбу стадион “миллий ўзликни мустаҳкамловчи” ва “жамоатчилик бирдамлигининг таянчи” бўлишини таъкидламоқда.
Шунингдек, ташкилот ёшлар, ҳаваскорлар ва минтақавий даражаларда футбол лигаларини йўлга қўйишда ҳам кўмак беришини билдирди.
“Бунга барчамиз ҳисса қўшишимиз керак. Биз фақат уйлар, мактаблар, касалхоналар ёки йўлларни қайта тиклаш билангина чекланмаслигимиз лозим. Одамларнинг ҳис-туйғулари, умиди ва ишончини ҳам қайта тиклаш зарур. Футбол айнан шу ҳақида”, дейди Инфантино.
Дональд Трамп эса FIFA лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида “дунёнинг энг машҳур футбол юлдузларини Ғазога юборишини” таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Вашингтонда ўтказилган “Тинчлик кенгаши”нинг илк йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль