Шавкат Мирзиёев “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида қатнашди
Жамият
−
19 Февраль 429 2 дақиқа
Бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида “Тинчлик кенгаши”нинг дастлабки йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Вьетнам, Камбоджа, БАА, Туркия, Кувайт, Саудия Арабистони, Исроил, Марокаш ва бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари ҳам қатнашган.

Ғазо секторини қайта тиклаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида дастлабки саммитни чақиргани учун Америка Қўшма Штатлари Президенти, “Тинчлик кенгаши” раиси Дональд Трампга миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”ни тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва уни муваффақиятли рўёбга чиқаришда амалий иштирок этишини қатъий тасдиқлагани таъкидланган.

“Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозимлиги таъкидланган.

Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ушбу ҳудудда тураржойлар, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлигини қайд этган.

“Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда бошқа хорижий мамлакатларнинг давлат, ҳукумат ва ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳам сўзга чиққан.

Йиғилиш якунида “Тинчлик кенгаши” фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланган.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль
Трамп Орбанга ўзининг паноҳидалигини айтди
19 Февраль