FIFA делегацияси Юқори Чирчиқдаги Миллий футбол марказига борди

Спорт

image

Бугун, 8 сентябрь куни Ўзбекистонга келган Жанни Инфантино бошчилигидаги ФИФА делегацияси Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда бошқа расмийлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида барпо этилган Олимпия шаҳарчаси ва Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қурилган Миллий футбол марказини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси хабар берди. 

100 гектардан ортиқ майдонда қад ростлаган Олимпия шаҳарчаси ўзида бир нечта спорт турлари учун мўлжалланган замонавий иншоотларни бирлаштиради. Улар кўп функцияли бўлиб, турли спорт турлари бўйича халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказишга тўлиқ тайёр ҳисобланади.

Икки йил аввал FIFA Президенти Жанни Инфантино Миллий футбол марказига ташриф буюриб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган ва лойиҳалар билан танишган. Қайд этилишича, бугунги ташриф давомида меҳмонларга марказ имкониятлари ҳақида маълумот берилган. Хусусан, ҳозирда у ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши мумкин. Замонавий стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрига тақдим этилган.

“Спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилган. Жароҳатларнинг олдини олиш ҳамда футболчиларнинг қисқа фурсатда тикланиши учун хориждан ускуналар олиб келинган, илғор услублар жорий этилгани қайд этилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, делегация Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, ВАР, терма жамоалар тайёргарлик маркази ва Республика футбол академияси фаолияти билан танишган.

Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашиб, Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклаган.

“Аввало, сизларни тарихий натижа билан табриклайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга берилаётган эътибор самараси. Футболингизнинг узоқ ва шарафли йўлни босиб ўтаётганининг мевасидир. Олдингизда шарафли вазифа – Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш турибди. Сиз миллионлаб мухлисларингизга қувонч улашяпсиз. Ишонаманки, Жаҳон чемпионатида бутун дунё яна бир бор Ўзбекистон футболининг салоҳиятига гувоҳ бўлади”, дейди Инфантино.

Ташриф давомида FIFA делегацияси марказ инфратузилмасига юксак баҳо бериб, бу ерда Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари мумкинлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA Президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга етиб келгани хабар қилинган эди. У бугун, 8 сентябрь куни CAFA Nations Cup турнири финали доирасидаги Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоалари баҳсини бевосита стадиондан томоша қилиши кутилмоқда. Ўйин соат 19:30 “Олимпия” стадионида старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

FIFA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг