Федерер миллиардерлик мақомини йўқотди

Спорт

image

Жорий йилнинг, 11 август куни Швейцариянинг спорт пойабзали ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи “On Holding” компанияси акциялари Нью-Йорк фонд биржасида қарийб 19 фоизга пасайди. Натижада компания акциядорларидан бири Рожер Федерернинг миллиардерлик мақомини йўқотди. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.

Манбага кўра, акциялар нархининг тушиши натижасида Федерер камида 55 миллион доллар йўқотган ва энди миллиардер ҳисобланмайди.

Нашр ҳозирда Федерернинг соф бойлигини 948,9 миллион долларга баҳоламоқда.
Акциялар қийматининг пасайиши компаниянинг ўтган чоракдаги савдо натижалари таҳлилчилар кутганидан паст бўлгани билан боғлиқ. “On” АҚШда маҳсулотлар янгиланиши арафасида эски пойабзал моделларига чегирмалар беришни тўхтатган. Бу эса компаниянинг савдо кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатган.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, валюта курслари таъсирини ҳисобга олганда, “On” компаниясининг иккинчи чоракдаги савдо ҳажми 850,3 миллион Швейцария франкини (тахминан 1,05 миллиард доллар) ташкил этган. Бу таҳлилчиларнинг ўртача 881,4 миллион франк (1,08 миллиард доллар)лик прогнозига нисбатан паст кўрсаткичдир.

Федерер 2019 йилда “On” компаниясининг ҳам эгасига айланган. Компания швейцариялик теннисчини “асосчиларнинг яқин ҳамкори” деб атайди.

“Forbes” маълумотларига кўра, Федерер фаолияти давомида теннис мусобақаларида 131 миллион доллар миқдорида мукофот пули ишлаб олган. Uniqlo каби компаниялар билан йирик реклама шартномалари ва “On Holding”даги улуши туфайли унинг соф бойлиги 2025 йилда илк бор 1,1 миллиард долларга етган ва у миллиардерлар қаторига кирган.

Маълумот учун, Федерер 2022 йилда профессионал фаолиятини якунлаган. Швейцариялик теннисчи фаолияти давомида жами 111 та ATP турнирида иштирок этиб, шундан 103 тасида яккалик баҳсларида ғолиб чиққан. Федерер шунингдек, 310 ҳафта давомида ATP рейтингида дунёнинг биринчи рақами бўлиб турган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг