Фарғонада вояга етмаган қиз аттракциондан тушиб кетди
3-саҳифа
−
30 Март 2023
11776Фарғона вилояти Риштон туманида вояга етмаган қиз аттракциондан йиқилиб, тан жароҳати олди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 23 март куни туман марказий истироҳат боғида юз берган. 2005 йилда туғилган вояга етмаган Н.О. исмли қиз боғдаги “Пиратский корабль” номли аттракционда учаётиб, эҳтиётсизлик сабабли ундан тушиб кетган. Оқибатда тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида Риштон тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва Н.О.нинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, ҳодиса сабабларини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
“Ҳозирги кунда вояга етмаган Н.О. Боғдод туман тиббиёт бирлашмасида шифокорларнинг назоратида даволанмоқда ва аҳволи яхшиланяпти”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода эр-хотин ва уларнинг фарзанди бўлган аттракцион узилиб, 6 метр узоқликка учиб кетган эди.