Фарғонада ҳам “Док-1 Макс”дан заҳарланиш аниқланди. Боланинг аҳволи оғир
3-саҳифа
−
02 Январь 2023
10356Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлимида вилоятнинг Қувасой туманида яшовчи 3 яшар бемор даволанмоқда. Унинг умумий аҳволи оғир, ҳушида.
“Беморга тасдиқланган даволаш стандарти асосида даво муолажалари олиб борилмоқда. Вилоятдаги вазиятни шахсан ўзим назоратга олганман. Яна бир бор аҳолимиздан иситма туширадиган дори воситаларини фақат шифокор тавсияси ва назоратида қабул қилишни сўрайман. Қолаверса, фарзандларимизга шифокорнинг аниқ тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан дори препаратларини бермасликни илтимос қилиб қоламиз”, дейди вилоят Бош шифокори Тўхтақулов.
Унинг қайд этишича, айни пайтда “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари вилоятдаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган.
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларининг хабар беришича, бугунги кунда болаларни таблетка ва сироп дори воситаларидан заҳарланишини олдини олиш мақсадида вилоятдаги барча даволаш профилактика муассасаларига “Док-1 Макс” препаратларидан сақланиш бўйича топшириқлар берилган. Хусусан, таркибида парацетамол дозаси бўлган дори препаратларини болалар буйрагига токсик таъсир қилиши ҳамда терапевтик дозани оширилишига йўл қўймаслик, тана ҳарорати 380 С дан юқори бўлган болаларни табиий усуллар билан тана ҳароратини тушириш, ота-оналарга таркибида парацетамол сақлайдиган препаратларни ўзбошимчалик билан ичирмаслик тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг жорий йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган Амбронол сиропи ҳам сотувдан олингани айтилган.
LiveБарчаси