Суд “Док-1 Макс” ишини кўришни бир ойга тўхтатди
3-саҳифа
−
01 Декабрь 2023
4956Жорий йилнинг август ойидан буён Тошкент шаҳар судида давом этаётган “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бугун, 1 декабрдан эътиборан 1 ой муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
“Тошкент шаҳар судида биринчи инстанцияда кўрилаётган ушбу жиноят ишига алоқадор янги шахслар тергов органи томонидан айбланганлиги сабабли ва бошқа асосларга кўра, суд томонидан 2023 йил 1 декабрь куни Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибида ажрим чиқарилиб, жиноят ишига тегишли айрим ҳужжатлар айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилди.
Шу тариқа жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди”, дейилади хабарда.
"Док-1 Макс" иши
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, вазирлик бу воқеа ҳақида ҳеч қандай баёнот бермади. Жорий йилнинг август ойига келиб, Олий суд матбуот хизмати “Док-1 Макс” сиропидан заҳарланиш оқибатида вафот этган болалар ССВ айтганидек 20 нафар эмас, балки 65 нафар эканини билдирди.
Marion Biotech фармацевтика компанияси эса дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг жами 11 моддасида назарда тутилган айбловлар қўйилган. Булар:
1. 184-модда – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш;
2. 28-модда – жиноят иштирокчиларининг турлари;
3. 186-3-модда – Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш;
4. 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш;
5. 205-модда – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
6. 207-модда – мансабга совуққонлик билан қараш;
7. 209-модда – мансаб сохтакорлиги;
8. 210-модда –пора олиш;
9. 211-модда – пора бериш;
10. 212-модда – пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
11. 228-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.
LiveБарчаси