Фарғонада директорни ноҳақ ишдан олган ММТБ бошлиғи жазоланди
3-саҳифа
−
16 Январь 3943 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани, бунинг ортидан туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг (ММТБ) буйруғига асосан вазифасидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди. Директорни ноҳақ ишдан бўшатгани учун ММТБ бошлиғи жазоланди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғига мактаб директорини лавозимидан олиш, шунингдек янги директорни ишга тайинлаш жараёнларида меҳнат қонунчилиги талабларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган. Шунингдек, меҳнат қонунчилигини бузган Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғига нисбатан ҳам маъмурий жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, педагог ходимнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган Учтепа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мансабдор шахсига нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари тааллуқлиги бўйича кўриб чиқиш учун суд органларига юборилган.
Ўқитувчиларнинг навбатчиликка мажбурланиши
Жорий йил бошида ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди ва 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклангани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқлангани маълум қилинди. Шунингдек, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 6 январдаги буйруғига асосан ушбу мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.Н. вазифасидан озод этилди.
Шундан сўнг ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка жалб қилиши топшириғини вазирликнинг ўзи бергани маълум бўлди. Бу ҳақда таълим муассасаларига юборилган топшириқ хати ижтимоий тармоқларда тарқлади. Унда 2025 йил 25 декабрдан 2026 йил 5 январга қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган. Бу ҳолат бўйича вазирлик расмий муносабат билдирмади. Бироқ кейинроқ Бувайда туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби директорининг ишдан четлатилиши билан боғлиқ ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди ва мактаб директор лавозимига қайта тикланди.
Live
Барчаси