Фарғона ва Наманганда қарийб 2 млрд сўмлик ноқонуний дорилар аниқланди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона ва Наманган вилоятларида қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний дори воситаларини сақлаган ва уларни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган фуқаронинг ноқонуний тартибда дори воситалари фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланган. Фуқаро Газель русумли юк автомашинасида олиб келинган умумий қиймати 778 миллион сўмлик, жами 38 турдаги 45 960 дона дори воситаларини ўзининг яшаш хонадонига тушираётган вақтида тўхтатилиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, унинг хонадони кўздан кечирилганда, 468 миллион сўмлик 25 турдаги 16 535 дона дори воситалари меъёрий талабларга зид равишда сақланаётганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ўзларининг яшаш хонадонларида ҳамда Давлатобод туманида жойлашган нотурар бинода хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон худудига ноқонуний йўллар билан олиб келинган катта миқдордаги дори воситаларини келгусида сотувга чиқариш мақсадида сақлаб келаётганликлари аниқланган.

Кўздан кечириш жараёнларида ушбу 3 та манзилдан тахминий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ жами 453 турдаги 32 528 қути дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
 
Билдирилишича, ҳар икки ҳолат бўйича дори воситаларига нисбатан экспертиза текширувлари тайинланиб, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондан Тошкент вилоятига кириб келган юк машинасидаги озиқ-овқат орасидан катта миқдордаги дори воситалари ҳам топилгани хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Фарғона дори воситалари Давлат хавфсизлик хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг