Фаластиннинг янги Бош вазири тайинланди
Олам
−
15 Март
4686Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Фаластин сармоя фонди раиси Муҳаммад Мустафони янги Бош вазир этиб тайинлади. Тегишли фармонни Аббос имзолади ва Мустафога юборди. Бу ҳақда WAFA агентлиги хабар берди.
“Биз сизни Бош вазир этиб тайинлашга қарор қилдик ва қонунда белгиланган муддатларда Фаластиннинг 19-ҳукуматини тузишни топширдик”, дейилади фармонда.
Фаластин миллий маъмурияти раҳбари янги Бош вазирни “Фаластин халқи манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ютуқларини асраб-авайлаш ва ошириш ҳамда ўз мақсадларига эришишда ёрдам беришга” чақирди.
Аббоснинг идораси янги ҳукуматнинг асосий устувор йўналишлари "Ғазо секторини иқтисодий тиклашга тезкор ўтиш", "Исроил ҳарбийлари томонидан Фаластин анклавининг жануби ва шимолидаги вайрон қилинган ҳудудларни" қайта қуриш, "Мустақил Фаластин давлатининг келажаги ҳақида аниқ тасаввурни шакллантириш" ҳамда иқтисодиёт ва давлат хавфсизлиги каби соҳалардаги ислоҳотлар бўлишини кутмоқда.
Маълумот учун, Бош вазир этиб тайинланган Муҳаммад Мустафо Жаҳон банки ва Фаластин маъмурияти муассасаларида, жумладан, Фаластин сармоя фондида турли лавозимларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни Фаластиннинг собиқ бош вазири Муҳаммад Штайе ўз ҳукумати истеъфога чиққанини эълон қилганди.
LiveБарчаси