“Фаластинга ўз ерини беринг!” Эрдўған қон тўкилишига барҳам бериш йўлини айтди
Олам
−
13 Октябрь 2023
8228Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида Ғазодаги инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўли Фаластин мустақиллигини тан олиш эканини айтди.
Туркия раҳбарининг идораси маълум қилишича, Туркия инқирозни тезроқ тугатиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва тинчлик учун зарур қадамларни ташламоқда.
“Президент Эрдўған Фаластин ва Исроил можаросини ҳал этишда воситачи бўлишга тайёр эканини маълум қилди. Давлат раҳбари муаммони ҳал этишнинг асоси - пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, 1967 йилги чегаралардаги мустақил ва суверен Фаластин давлатини яратиш бўйича берилган ваъдаларни бажаришда эканини айтиб ўтди”, дейилади Туркия раҳбари идорасининг баёнотида.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Яқин Шарқда тинчликка фақат Фаластин мустақиллиги орқали эришиш мумкинлигини бир неча бор халқаро минбарларда таъкидлаб келади.
Жумладан, 11 октябрь куни ўтказилган Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент)даги чиқиши вақтида Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа ташкилотлар Фаластин халқини ёлғиз қолдиргани, ваъдасининг устидан чиқмагани ва фаластинликларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Туркия раҳбари Австрия канцлери Карл Нехаммер билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувда Фаластин фожиасига тўхталар экан, Америка ҳозирда барча террорчи ташкилотларни тайёрлаётгани, ўқитаётгани ва қуроллантираётганини урғулади.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса 1,3 минг кишига етган.
LiveБарчаси